Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиги устивор

25.11.2021. Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармасининг меҳнат инспекцияси ва Касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияси томонидан корхона ва ташкилотларда ишчи ва хизматчи ходимлар учун  муносиб меҳнат шароитларини яратилиши устидан давлат ва жамоатчилик назорати ҳамкорликда  олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш объектлари тобора кўпайиб бормоқда ва табиий равишда қурилиш соҳасида банд бўлаётган аҳоли сони ҳам ошмоқда. Бу эса касаба уюшмалари зиммасига ҳам қурилиш объектларида ишлайдиган ходимларнинг меҳнати муҳофазаси ҳақида кўпроқ қайғуриш масъулиятини юкламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикaси қурилиш тaрмоғини модернизaция қилиш, жaдaл вa инновaцион ривожлaнтиришнинг 2021-2025 йиллaргa мўлжaллaнгaн стрaтегиясини тaсдиқлaш тўғрисидa”ги фармонида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини қурилиш тармоғи объектларида жорий этишни таъминлаш белгиланган.

Мана шу йўналиш доирасида 23 ноябрь куни Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармасининг меҳнат инспекцияси давлат меҳнат техник инспекторлари ва Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан “AGROMIR BUILDINGS” МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳридаги “Қорасув” массивида қурилаётган кўп қаватли уйларда ҳамда “Интер Инжениринг” компанияси томонидан Самарқанд туманидаги “Самарқанд туристик маркази”да  қурилиш ишларига жалб қилинган ишчиларга яратилган шароитлар билан танишилди, қурилиш жараёнида ишчилар билан учрашув ўтказилди ва мутахассислар томонидан қурилиш жараёнида ишларни хавфсиз ва соғлом бажарилиши борасида ишларни тизимли ташкил этиш борасида амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилди.

Агар иш берувчининг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини яхши тушунмаса, эртага ходим талаб қилингандан кейин бу нарсани ташкил этиш қийин бўлади. Қачонки, иш берувчининг ўзи меҳнат қонунчилигини яхши билса, шунда иш тўғри ташкил этилади.

Шунинг учун қурилиш жараёнидаги ишчи ва хизматчи ходимларга меҳнат муҳофазасига оид қонун талаблари тушунтириляпти. Чунки меҳнат муҳофазасида биринчи ўринда ходимнинг саломатлиги туради. Ходим саломатлигини таъминлаш учун аввало корхонада ходимларни дастлабки тиббий кўрик ва кириш хавфсизлик техникаси йўриғидан ўтказиб, кейин ишга қўйилиши зарур. Ундан сўнг кириш йўриғидан ташқари иш жойида бериладиган йўриқдан ўтишлари, иш стажи, малакаси ва иш тажрибасидан қатъий назар ходимлар эгаллаган касблари бўйича ҳар 6 ойда бир марта хавфсиз иш олиб бориш бўйича йўриқдан ўтказилиши ҳамда вақти-вақти билан уларнинг саломатлигини текшириб бориш керак.

Энг асосий талаблардан яна бири, қурилиш жараёнида барча ишчи ва хизматчи ходимлар белгиланган меъёрлар асосида махсус кийим, пойафзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда ишлашлари зарурдир.

Шунингдек, ходимлар дастлабки йўриқнома ва стажировкадан сўнг, мустақил иш бошлашидан олдин ходимнинг хавфсиз иш олиб бориш бўйича қоида ва йўриқномалар борасидаги билимлари текширишдан ўтказилиши ва бир йилда бир марта жадвал бўйича билимларни даврий текширувидан ўтказилиши лозим.

Раҳбар ва мутахассис ходим эгаллаб турган лавозимига тайинлангандан сўнг бир ой ичида меҳнат муҳофазаси бўйича тегишли имтиҳон комиссиясининг бирламчи текширувидан ўтишлари ва иш давомида ҳар уч йилда бир марта меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини даврий текширувдан ўтказиши  шарт.

Усмон Каримов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори

Click to listen highlighted text!