Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мамлакат опанинг муваффақият формуласи

06.01.2022. «Мен мақсадимга эришиш учун энг қийин йўлни танлайман. Чунки унда рақобатчилар бўлмайди».
Бухоролик фаол тадбиркор аёллардан бири Мамлакат Содиқованинг ҳаётий шиори ана шундай. У ҳеч қачон машаққатлардан чўчимайди, эзгу мақсадлари сари интилишдан чарчамайди. Бунда, энг аввало, ўз кучига ва турмуш ўртоғининг мададига таянади.

– Мен зиёлилар оиласида туғилганман, – дейди у. – Тақдир тақозосига кўра, шаҳардан ­қишлоққа келин бўлиб тушдим. Ҳаётнинг паст-баланд сўқмоқларида турмуш ўртоғимга қўш қанот бўлиб, рўзғор камини тўлдиришга кўмаклашиш ҳақида ўйлай бош­ладим. Мутахассислигим иқтисодчи-бухгалтер бўлгани боис савдо соҳасини танладим. Умр йўлдошимнинг розилигини олгач, 2004 йили тадбиркорлик фаолиятимни бошлаб юбордим. Режамга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва сақлаш йўналишида иш юритишга жазм этдим.

Дарвоқе, Мамлакат опа ишбилармон бўлиш азобга айланган, унга қўл урганларнинг аксарияти касодга учраётган даврда қўрқмай майдонга кирди. Дебочасига ижарага олинган давлат биносида икки киши ҳамкорлигида меҳнат қила бошлади. Бора-бора уларнинг сонини олти нафарга етказди. Иши бирмунча юришгач, вилоят ҳокимлигига бориб, ­фаолиятини кенгайтириш учун янги иншоот зарурлигини тушунтирди. Тез орада ўзига ажратилган ерда корхона биносини қурди. Шу тариқа «Замин мадад савдо» масъулияти чекланган жамияти вужудга келди.
Мамлакат опанинг кўпчилик тадбиркорлардан фарқли жиҳати шундаки, у ҳалигача кўп қаватли бинодаги хонадонда яшайди. Шундай эса-да, топ­ган маблағини ­оиласи учун маҳобатли ҳовли-жой барпо этишга ва қимматбаҳо машиналар сотиб олишга эмас, балки тадбиркорлик фаолиятини янада ривож­лантиришга сарфлади.
Ҳозир корхона ички бозордан ташқари, МДҲ мамлакатларига ҳам ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Унда йигирмадан зиёд аёл доимий, қирқ нафарга яқин хотин-қиз мавсумий фаолият юритмоқда. Ўзини «Ўзбегимнинг бахтли тадбиркор аёлиман», дейишни ёқтирадиган Мамлакат Содиқова янги инновацион лойиҳалар устида изланишларини давом эттирмоқда. Улардан бири қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш орқали касаначилик асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг замонавий технологиясини жорий этишдир. Бу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад касаначиликни йўлга қўйиш эвазига камбағалликни қисқартириш, қишлоқларда янги иш ўринлари очиш, аёлларни доимий ва мавсумий иш билан таъминлаш, серқуёш заминимизда етиштирилган турли-туман ноз-неъматларни экологик тоза усулда қуритиш ва сотиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришишдан иборатдир. Ўтган йил 20-23 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлган қирғизистонлик ва ўзбекис­тонлик тадбиркор аёллар мулоқотида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациямиз қатнаш­­ди. Унинг сафида вобкентлик Мамлакат Содиқова ҳам бор эди. Форум давомида у қўшни давлат бизнесменлари билан ўзаро келишиб, 3,5 миллион долларлик шартнома имзолашга эришди.
Айни кезларда Мамлакат опа бир нечта ташкилотда жамоатчилик асосида раҳбар ва раҳбар ўринбосари вазифаларида ҳам ишламоқда. Яқинда эса Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги гендер комиссиясининг Тадбиркор аёллар клуби раҳбари этиб ­тайинланди.
Мамлакат Содиқова тадбиркорлик йўналишидаги талай кўрик-танловларда ҳам муваффақиятли қатнашган. Жумладан, 2017 йили «Йил аёли» миллий танловининг «Саноатда саодат топ­ган йил аёли» номинацияси, 2018 йил якунига кўра, «Ўзбекис­тон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» танловининг «Кичик бизнесдаги энг яхши лойиҳа» номинацияси бўйича ғолиби бўлди. Шунинг­дек, «Анор» ва «Ишбилармон аёл» кўрик-танловларида биринчи ўринни эгаллади.
Баралла айтиш мумкинки, 2021 йилнинг 11 ноябри ҳам унутилмас сана сифатида Мамлакат опанинг фаолият дафтарига муҳрланди. Чунки у «Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти учун ўтказилган танлов ғолибларидан бирига айланди. Шунга биноан, 11 ноябрда Касаба уюшмалари куни муносабати билан пойтахтимизда ташкиллаштирилган байрам тадбирида 3-даражали диплом ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти совғаси – «SPARK» автомашинаси билан тақдирланди.
Тиниб-тинчимас тадбиркор, қайнона-қайнотасининг зукко келини, уч фарзанднинг онаси, Маликахон исмли ширингина қизалоқнинг суюкли бувижониси Мамлакат Содиқова суҳбатимиз чоғи бир неча бор турмуш ўртоғи ўзини мудом қўллаб-қувватлаб келганини тилга олди. Мен бундан ҳар бир ўзбек аёли учун оила аъзоларининг унга ҳамкор-ҳамнафас ва елкадош бўлиши муваффақиятларга эришишнинг энг муҳим омили ҳисобланади, деган хулоса чиқардим.

Click to listen highlighted text!