Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди

04.10.2024. Ўзбекистон Республикаси Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик бўйича Миллий мониторинг ишчи гуруҳи томонидан пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш, меҳнат ҳақининг ўз вақтида тўланиши, болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан назорат ишларини олиб бормоқдалар.

Ишчи гуруҳнинг ҳар бир куни пахтада далаларида ўтмоқда. Қайси фермер хўжалигига борилмасин, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчиларга яратилган шароитлар, терим пулларининг ўз вақтида тўланиши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистон туманидаги пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шароитлар билан танишдилар.

“Ўрмонобод” фермер хўжалиги тумандаги илғор фермерлардан. Айни пайтда пахта майдонда 60 нафар теримчи меҳнат қиляпти. Уларга яратилган шароитдан кўнгил тўлади.
— Салкам 20 кундан бери шу фермер хўжалигида пахта теримида иштирок этяпман. Яратилган шароитлар қониқарли. Пахта пулларимизни ҳар кунлигини ҳар куни оляпмиз, — дейди Дилшода Ҳабибуллаева.

Тумандаги “Қаҳрамонжон Исоқжонович” фермер хўжалигида ҳам пахта терими авжида. Бу ерда ҳам 50 нафар теримчи пахта териш билан машғул. Асосийси, бу ерда теримчилар учун барча шароитлар яратилган. Пахта пулларининг тўланишидан ҳеч қандай муаммо йўқ.

— Кунига 100-120 кг пахта теряпман, — дейди Олмосхон Мирзаева. — Пахта пулини кунлигини кунда олиб, рўзғоримни обод қиляпман. Меҳнатимга яраша ҳақ тўланаётганидан хурсандман.

Қайси фермер хўжаликларига бормайлик, теримчилар ўзлари рози бўлиб, пахта теришаётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг қай бири гаплашмайлик пахта теримига ўз ихтиёрлари билан чиққанликлари, пахта териб яхшигина даромад топаётганликлари ҳақида гапиришмоқда. Муҳими, ҳеч ким пахта теримига мажбурлаб чиқарилгани йўқ. Барчалари яратилган шароитдан мамнун ҳолда, юқори кайфиятда пахта термоқдалар.

Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан олиб борилаётган суҳбатлар давомида мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши, агар мажбурий меҳнат ҳолатлари юзага келса касаба уюшмаларининг “10-92” қисқа рақамларига боғланиш лозимлиги тушунтирилмоқда.

Мансуржон Хатамов
Ўзбекистон Республикаси Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик бўйича Миллий мониторинг ишчи гуруҳи аъзоси