Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида жамоатчилик эшитуви шаклидаги Давра суҳбати ўтказилди

27.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, иш берувчилар вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари билан бевосита очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида  “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги онлайн Давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун имзоланган Бош келишувнинг 68-бандига ҳамда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар вакиллари касаба уюшмалари фаоллари билан мулоқотга таклиф этилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари давлат ва иш берувчилар билан ўз муносабатларини анъанавий тарзда ижтимоий шериклик асосида амалга ошириб келмоқдалар. Буни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун имзоланган Бош келишувнинг нуфузи мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда мамлакат миқёида амал қилаётган тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномалари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, ижтимоий таркибини кенгайтиришг, бу орқали турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Худди шу мақсадларда жамоа келишувлари ва шартномаларида ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишга, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловларни ўрнатиш тартибини белгилашга, ходимлар учун ҳар йили узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар беришга, шунингдек, тармоқ ва ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилган. Бундан ташқари, ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган.

Бугунги кунда жамоа-шартномавий ҳужжатлар воситасида ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, кексалар, аёллар ва ёшлар учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, коронавирус пандемияси даврида ижтимоий-моддий қўллаб қувватлаш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, меҳнат ҳавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, ходимларни маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада, бугунги кунда амал қилаётган 14 та ҳудудий келишув, 105 та тармоқ, 14 та ҳудудий тармоқ, 340 та туман миқёсидаги тармоқ келишувлари, 109  мингдан ортиқ жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратиб беришга хизмат қилмоқда ҳамда меҳнат жамоаларидаги барқарорликни сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Давра суҳбатида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барча соҳаларда бирдек изчил олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жамият ҳаётининг барча жабҳалари қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси ва 1  та баёни амалиётга имплементация қилингани, янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун амалиётга жорий этилгани давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги долзарб вазифалар ечимини топишда касаба уюшмаларининг ролини кучайтирди. Жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мутаҳкамлаш йили”да ҳам ижтимоий соҳадаги қатор масалалар ўз ечимини топди. Хусусан, коронавирус пандемияси давом этиб турган даврда касаба уюшмалари 5 миллион нафардан ортиқ турли касб эгаларининг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга 100 минглаб кам таъминланган оилалар муаммоларини аниқлаб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатди. Шунингдек, ўтиб бораётган 2021 йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларига тааллуқли 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар киритилди.

Рақамларга мурожаат этсак, 2021 йил давомида касаба уюшмалари органларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 4,5 мингдан ортиқ мурожаатнинг кўриб чиқилиши натижасида 3 мингга яқин шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилишига эришилди. Яна бюир муҳим жиҳат, жорий йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-Конвенцияси ратификация қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммолар сўнгги йилларда ўз ечимини топаётгани Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижаси эканлигини алоҳида таъкидладилар. Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100  дан зиёд қарор қабул қилингани, ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, уларни бериш муддатлари қисқартирилгани, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилингани ушбу фикрга ёрқин далил эканлиги қайд этилди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун қулай шароитлар яратилганлиги натижасида бир йилда 1 миллион нафарга яқин фуқаро рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйишга эришди. Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши натижасида аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсди. Бугунги кунда номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга оширилди.

Охирги йилларда Ўзбекистонда аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш соҳасида салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос янги тизими яратилди. Яъни, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”, “маҳаллабай” ишлаш усуллари амалиётга жорий этилиб, ижтимоий ҳимояталаб оилалар турмуши даражасини ошириш мақсадида салмоқли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди. Ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида ушбу муҳим концептуал ҳужжатда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Бундан ташқари Халқаро меҳнат ташкилотининг “Юзйиллик ташаббуси”га киритилган “барча учун ижтимоий ҳимоя” тамойилидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоянинг Миллий стратегияси ишлаб чиқилди.

Жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилган давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Шунингдек, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, бандлик ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилган қулайликлар, ишлаётган ходимларни соғлигини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди.

Тадбирда норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш, норасмий ностандарт тарзда банд бўлган фуқароларни расмий бандликка ўтказиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашда юзага келаётган қарздорликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш каби масалаларга эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, ҳомиладорлик ва туғиш таътили нафақаси тўланиши, ходимларга меҳнат таътилига чиқиши муносабати билан моддий ёрдамлар кўрсатиш, иш хусусияти смена ёки навбатчилик билан боғлиқ бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

Келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва  касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳал этиш борасида ташкилий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлиги хусусида келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!