Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар
27.12.2013. 2013 йилнинг 27 декабр куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуида Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вазирлик идора ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг раҳбар ҳамда масъул ходимлари, Касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Биринчи галда меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Меҳнат кодексларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, улар орқали меҳнат бозоридаги жараёнларни тартибга солишни такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, ёш мутахассисларнинг ҳамда одам савдосидан жабрланганларнинг ишга жойлаштирилиши ва меҳнат қилиш соҳасидаги кафолатларини кенгайтириш, аҳолини иш билан таъминлаш, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунбузилишлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича пухта ҳуқуқий негиз яратилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 21 фоизга оширилди. Ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда ногирон болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига йўл ҳақи компенсацияси жорий этилди. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва илмий тадқиқот муассасаларида, қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида, шунингдек, ўқув курсларида ўқув машғулотлари ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари қайта кўриб чиқилди.
Жорий “Обод турмуш йили”да аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ечиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди. 2013 йилда ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар давлат бюджети умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш учун жорий йилда 970 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларнинг 60 фоизи қишлоқ ҳудудларида ташкил этилди, касб-ҳунар коллежларини битирган 500 мингдан зиёд йигит-қизлар ишга жойлаштирилди. Жорий йилда 300 мингга яқин бола, жумладан, Оролбўйи ҳудудидан 4 минг 500 нафар ўқувчи ҳамда кам таъминланган оилаларга мансуб 75 минг нафар боланинг ёзги оромгоҳларда имтиёзли дам олиши ташкил этилиб, саломатлиги мустаҳкамланди.
Бундай ҳайрли ишларда касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштироки таъминланди. Хусусан, жорий йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган оилаларга ва ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, янги оила қурган ёшларга фоизсиз ссудалар бериш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар учун контракт пулларини қоплаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари ва дарсликлар харид қилиш, болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини қисқартириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, касаба уюшмалари маблағидан 32 минг 535 нафар коллеж ўқувчилари ва битирувчиларига 744 млн. 518 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағидан 81 минг 532 нафар ёлғиз кексалар ва ногиронларга 10 млрд. 835 млн сўмлик моддий кўмак тадбирлари амалга оширилди.
Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси, Болалар дам олиш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури амалга оширилиши ҳам ёш авлодни камол топтиришда муҳим аҳамият касб этган амаллардан бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тасдиқланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун Бош келишув амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда. Барча соҳаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган мазкур ҳужжат ўз навбатида ёлланма ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини ўзаро уйғунлаштиришга, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, жамиятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг самарали усули сифатида ўзини намоён қилиб, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий барқарор ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Куни кеча ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йилларга мўлжалланган Бош келишув имзолангани ижтимоий ҳамкорлик аҳамиятининг ортиб бораётганидан далолатдир.
Бугунги кунда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 95,8 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олингани ҳам мамлакатимизда ходимлар ижтимоий ҳимоясига эътибр ортиб бораётганини кўрсатади. Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур банд ва бўлимлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга ишлари амалга оширилмоқда. Натижада, ходимлар иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасидаги ижтимоий шериклик асосида яратиб берилаётган кўплаб имтиёз ва кафолатлардан фойдаланмоқдалар.
Хусусан, тузилаётган жамоа шартномалари орқали, ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчилари учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда. Меҳнат ҳавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбатида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган натижалар таҳлил этилиши билан бирга келгусида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, бандлик ва меҳнат муҳофазаси масалаларида ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш йўллари, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини янада ошириш масалаларига алоҳида тўхталинди. Шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона, муассаса ва ташкилотларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Тадбир давомида 2013 корхона, ташкилот ва муассасаларда амалиётга тадбиқ этиб келинаётган жамоа шартномаларининг муҳокамаси жараёнида ишчи-хизматчилар томонидан билдирилган меҳнат муносабатларига оид қатор саволлар ва таклифлар ҳам мутасаддилар эътиборига ҳавола эътилди. Шунингдек, касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар, пластик карточкалар воситасида тўловларни амалга ошириш, иш ҳақи тўланиши масалаларига оид берилган саволларга вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан жавоблар берилди. Шунингдек, зарур чора-тадбирлар ва уларни биргаликда амалга ошириш йўналишлари белгиланиб, кириб келаётган 2014 йил – “Соғлом бола йили”да бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати