Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси иш бошлади

26.09.2022. Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олим ва академиклар, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Мажлисида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Махмадшо, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Эмиль Кызаев, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти Эрдэнэбат Сyхбаатар раҳбарлигидаги делегациялар вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари  Конфедерацияси масъул ходимлари, Миср Араб Республикаси Коммунал ва газ ташкилотлари касаба уюшмалари бош котиби Муҳаммад Хасан бошчилигидаги делегация аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари, Федерация аппарати масъул ходимлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов Президентимизнинг 2021 йил 23 августдаги тегишли қарори билан ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур академия меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга, шунингдек, илмий-амалий тадқиқотларга бўлган эҳтиёжини қондириш каби вазифаларни бажаришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, янги ислоҳотлар даврида инсон қадри, унинг манфаатлари ҳар томонлама юксалиб бораётгани, ижтимоий муносабатларда илғор амалиётлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, академиянинг очилиши эса бу борада мутлақо замонавий тизим яратилаётганидан дарак беришини қайд этди.

Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур Академия меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга, шунингдек, илмий-амалий тадқиқотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Россия, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Италия (Халқаро меҳнат ташкилоти ҳузуридаги Турин ўқув маркази) каби давлатларнинг илғор таълим муассасалари, миллий ва халқаро институтлар билан яқин ҳамкорлик қилади.

Ўқув даргоҳида “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги”, “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги”, “Инсон ресурсларини бошқариш”, “Психология”, “Менежмент”, “Юриспруденция” йўналишларида таълим берилади. Бу ерда илмий салоҳияти юқори ва малакали ўқитувчилар фаолият юритади.

Академияда таълим янги технологиялар асосида жиҳозланган аудиторияларда олиб борилади. Ташриф буюрувчиларга, айниқса, электрон кутубхона, физика ва кимё фанлари бўйича лабораториялар, спорт комплекси, ошхонадаги имкониятлар маъқул бўлди. Таълим жараёнининг автоматлаштирилиши бўйича “Платформа” мажмуаси ҳам жорий этилгани эса, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Аввало Ўзбекистонда бизга кўрсатилган юксак эътибор учун Миср касаба уюшмалари номидан ўз ташаккуримни изҳор қилмоқчиман, – деди  Миср Араб Республикаси Коммунал ва газ ташкилотлари касаба уюшмаси бош котиби Муҳаммад Хасан. – Биз бугун ажойиб тантаналарнинг гувоҳи бўлдик. Миср Араб Республикаси касаба уюшмалари тизимида ҳам касаба уюшма мутахассислари учун ўқув даргоҳлари мавжуд, аммо улар ҳудудларда ўқув маркази сифатида иш олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасасининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси сифатида ташкил этилганини кўриб тўғриси ҳайратландик. Бу – Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари ва ижтимоий соҳага, шунингдек, меҳнат соҳаси учун малакали етук кадрлар тайёрлашга юксак эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Академия ўқув биносида талабалар учун wi-fi, кутубхонанинг ўқув ва электрон заллари мавжуд бўлиб, электрон кутубхонадан масофавий ҳолда фойдаланиш мумкин. Асосий машғулотлардан сўнг талабаларнинг фанлар бўйича мустақил шуғулланишлари учун компьютер синфлари, лабораториялар ва махсус хоналар мавжуд.

Жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур адемияда ўқиш истагида ҳужжат топширган 1200 нафарга яқин талабгордан 250 нафарга яқини ўқишга қабул қилинди. Ушбу олийгоҳ ташкил этилгач, меҳнат муҳофазаси, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, психология, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар бўйича эндиликда чуқур илмий асосланган ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

– Телевидение орқали ушбу академияга қабул бўлаётганидан хабардор бўлгач менда ушбу олий таълим муассасасига кириш истаги пайдо бўлди, – деди мазкур академиянинг психология таълим йўналишида таҳсил олаётган қорақалпоғистонлик Аманбой  Клышбеков. – Ҳужжатларни онлайн топшириш имконияти ҳам яратилгани оғиримизни енгил қилди. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлганимдан ўзим ҳам, онажоним ҳам жуда бахтиёрмиз. Бу ерда ўзимиз танлаган йўналиш бўйича билим олишимиз учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилган. Биз эса аъло баҳоларга ўқиб, юртимизга керакли мутахассис бўлиб етишишимиз зарур. Менинг энг эзгу орзуларимдан бири шу.

Аҳамиятли томони шундаки, Академия раҳбарияти талабаларнинг муносиб шароитларда ўқиши билан бирга, яшаш шароитлари ҳақида ҳам қайғуриб, вақтинчалик ётоқхоналар билан ҳам таъминлади. Йил охиригача эса Академиянинг жадал суръатлар билан қурилиши давом этаётган янги ётоқ биносини ҳам фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

 

 

 

 

Click to listen highlighted text!