Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар

03.11.2017. 2017 йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзуидаги матбуот конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Федерация қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси ҳамда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг раҳбар ва  мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалиётга татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг 4-йўналиши Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланганлиги қайд этилиб, мазкур йўналишда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини оширишга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги эътироф этилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мазкур дастурий ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўз тизимидаги санаторийларда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш, сиҳатгоҳларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини муттасил ошириб бориш орқали хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, аҳоли саломатлиги муҳофазасида санатор-курорт соғломлаштириш муассасалари ўзига хос ўрин тутади. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи фаолият кўрсатмоқда. Ушбу сиҳатгоҳларда ҳар йили ўртача 125 минг нафардан ортиқ киши хордиқ чиқариб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлмоқда. Уларнинг қарийб 50 фоизга яқини касаба уюшмалари томонидан имтиёзли йўлланмалар асосида дам олдирилиб, соғломлаштирилади.

2017 йилнинг 9 ойи давомида касаба уюшмалари тизимидаги 17 та санаторийда қарийб 98 минг нафар киши соғломлаштирилди. Улардан 42 минг нафарга яқини имтиёзли, 13 минг 63 нафари бепул йўлланмалар асосида дам олиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлади. Хусусан, кўп болали, кам таъминланган ҳамда республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи оилалардан бўлган аёллардан 314 нафари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 130 нафари, таълим муассасалари ходимларидан 137 нафари, ёш оилалар аъзоларидан 164 нафари бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшма аъзоларининг пенсиядаги ота-оналаридан жами 6 минг 592 нафари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли йўлланмалар билан соғломлаштирилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига юқори даражадаги шарт-шароитлар яратилиб, жорий йилнинг 9 ой давомида     2 минг 70 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси давлат бюджети мабалағлари ҳисобидан соғломлаштирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, фақатгина жорий йилнинг ўзида Термиз шаҳрида жойлашган “Термиз марвариди” санаторийсининг I-босқичдаги 75 ўринга мўлжалланган биносининг қурилиши тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.  Мазкур санаторийнинг II-босқичдаги 75 ўринга мўлжалланган биносини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Жиззах вилоятидаги “Зомин” санаторийсида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 132 ўринли “Она ва бола” бўлими биноси барпо этилди. Тошкент вилоятидаги “Оқ-Тош” санаторийсида 66 ўринли ётоқ биноси, “Умид гулшани” санаторийсида янги ошхона ва маданият саройи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Санатор-курорт хизмати кўрсатиш сифатини янада юксалтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва болани малакали соғломлаштириш йўналишидаги ишларни жаҳон андозалари талаблари даражасида амалга ошириш мақсадида охирги йиллар давомида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Наманган вилоятидаги “Чортоқ” санаторийсида янги даволаш бўлими, даволаш жисмоний тарбияси хонаси, реабилитация  бўлими  мукаммал  таъмирдан чиқарилди. “Косонсой” санаторийсида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, юмшоқ ва қаттиқ жихозлар билан таъминланди. Фарғона вилоятидаги “Чимён” санаторийсида даволаш бўлими, маъмурият биноси  капитал таъмирланди. Жиззах вилоятидаги “Зомин”  санаторийсида даволаш  бўлими, ошхона, ётоқ биносининг 3- ва 4-қаватлари, санаторийга  кириш  қисми (фасад) мукаммал таъмирланди. Тошкент вилоятидаги “Оқ-Тош” санаторийсида меҳнаткашларнинг дам олишга бўлган талабини тўла қондириш мақсадида 24 ўринли 8 та ёзги коттежлар барпо этилиб, замонавий маъмурий бино фойдаланишга топширилди. Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаторийсида  эса маъданли ичимлик суви галереяси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, санаторий худудида  ободонлаштириш  ишлари  амалга  оширилди, шунингдек, бальнеология бўлими қурилиб, фойдаланишга топширилди.     

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийларда курортология ва даволаш ишларини замон талаблари асосида ташкил қилиш, физиотерапевтик ва бальнеологик даволаш усулларини ҳамда даволаш бадантарбиясини кенг қўллаш, даволанувчиларни тўлиқ тиббий текширувдан ўтишлари учун етарли шароит яратиш ҳамда янги даволаш-ташхис усулларидан кенг фойдаланиш тизими яратилганини ҳам қайд этиш зарур. Хусусан, тизимдаги барча санаторийларда замон талабига жавоб берадиган даволаш-ташхис базаси, функционал ташхис хоналари, клиник ва биокимёвий лабораториялар, ультратовуш текшируви, рентген хоналари ва бошқа ташхис хоналари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда санаторийлар “АМОК” ичакларни компьютер назоратида чайиш, умуртқа поғонасини компьютер ёрдамида тортиш аппаратлари билан таъминланган. Психо-, рефлексо-, магнито-, лазеротерапия, инфра-қизил нурлари терапияси каби янги даволаш усуллари йўлга қўйилган. Шунингдек, санатор-курорт даволаш сифатини тубдан такомиллаштириш ва яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, бешта йўналишда, яъни юрак ишемик касаллиги (сурункали ЮИК), ошқозон-ичак, жигар, ўт пуфаги, ўт йўллари ва ошқозон ости бези касалликлари, нафас органлари ва бўғим касалликлари, асаб касалликлари (нейроциркулятор дистония и цереброваскуляр етишмовчилик) диагностикаси ва санатор даволаш йўналишида стандартлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда, шунингдек, санатор-курортлар тизимида кўрсатилаётган хизматлар сифатини мунтазам яхшилаб бориш мақсадида жорий йилдан бошлаб санаторийларнинг ўзлари томонидан “ички” ва санатор-курортлар бошқармаси мутахассислари томонидан “ташқи” баҳолаш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи “Санаторийларни рейтинг баҳолаш услуби” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда фаолият кўрсатаётган шифокорлар малакасини ошириб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан,  улар мунтазам равишда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг ўқув курсларида малака ошириб борадилар. Шунингдек, улар бир неча маротаба Чехия, Корея, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон каби давлатларнинг сиҳатгоҳларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтдилар. Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олувчиларга 3 минг 25 нафар ходим хизмат кўрсатмоқда. Жами ходимларнинг 314 нафари олий маълумотли шифокорлар бўлиб, улардан 10 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 189 нафари олий тоифага эга шифокорлардир. Санаторийларда хизмат кўрсатаётган 725 нафар ҳамширанинг 363 нафари эса олий тоифага эга.

Тизимдаги санаторийларда сервис хизматлари кўрсатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тиббиётнинг энг замонавий усулларидан фойдаланиш мақсадида SPA салонлари фаолияти, янги даволаш усуллари, маъданли сувли сузиш ҳавзалари, тренажёр заллари фаолияти йўлга қўйилди. Санаторийларда кенг қўлланилаётган даво муолажаларидан бири – фитодамламалар турлари кўпайтирилиб, табиий шифо омилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада даволаш самарадорлиги ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ортишига эришилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида турли соҳа ходимларига яратилаётган имтиёз ва қулайликлар тизими ҳам кенгайтириб борилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга меҳнаткашлар учун йўлланмалар ажратиш муддати            5 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Бугунги кунда аъзолик бадаллари ҳисобидан ходимларнинг яқин қариндошлари, яъни ота-онаси, турмуш ўтоғи ва фарзандлари учун имтиёзли йўлланма олиш имконияти яратилди.

Тизимдаги санаторийларда махсус ижтимоий акциялар доирасида хотин-қизлар, таълим соҳаси, тиббиёт ходимлари, оналар ва болалар, кам таъминланган ёш оилалар вакиллари имтиёзли соғломлаштирилмоқда. Шунингдек, сиҳатгоҳларда фертиль ёшидаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бунда қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган аёлларни соғломлаштириш билан қамраб олиш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, тизимдаги барча санаторийлар сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Тиббий, сервис ҳамда маиший хизматлар кўрсатиш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда касаба уюшмалари санаторийларида нафақат юртдошларимиз, балки, ҳорижий мамлакатлар ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари фуқароларининг дам олиб даволанишга бўлган эҳтиёжлари ортиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида 2700 нафарга яқин ҳорижлик фуқаролар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, даволанди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробарга кўп бўлиб, санаторийларимизнинг ҳориж сиҳатгоҳлари билан рақобатбардошлиги ва чет эл фуқароларининг санаторийларимизга қизиқишлари ортиб бораётганини кўрсатади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда аҳолининг санаторийларда дам олиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эҳтиёжи салмоқли даражада ортиб бормоқда. Бу ҳолат халқимизнинг турмуш даражаси юксалиб, ўз соғлиғига бўлган эътибори кучайиб бораётганидан ҳам далолат беради.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларни нафақат диетология ва тиббий муолажалар ёрдамида даволовчи муассаса, балки маънавий озуқа берувчи маданий-маърифий маскан сифатида ҳам эътироф этиш мумкин. Зеро, ҳар бир санаторийда Маънавият ва маърифат хоналари, маданият саройлари, кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Уларда малакали мутахассислар томонидан дам олувчилар учун Маънавият соатлари, давра суҳбатлари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, санаторийлар жойлашган ҳудудлардаги тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириб борилмоқда. Бу орқали эса дам олувчилар маънавиятини юксалтириш, ички ва тиббий туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшилмоқда. Сиҳатгоҳларда мунтазам равишда ташкил этилаётган “Ҳаракатлар стратегияси – тараққиёт омили” мавзусидаги давра суҳбатлари ҳамда Маънавият соатларида аҳоли вакилларига бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг натижалари етказилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги санаторийларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, махсус кафедралар ташкил этиш, тиббиёт туризмини ривожлантириш, санатор-курортлар фаолиятини янада такомиллаштириш, янги ишлаб чиқилган даво усулларини кенг татбиқ этиш йўналишларида олиб борилаётган ишлар мамлакатимизда санатор-курорт хизмати кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!