Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнаткашларнинг узайтирилган дам олиш кунлари мароқли ўтди

10.01.2023. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-270 сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, узайтирилган дам олиш кунларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олишини ташкил қилиш мақсадида “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил!” шиори остида ички туризм тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, 2022 йилнинг 31 декабрь кунидан 2023 йилнинг 3 январь кунига қадар республика бўйича жами 57 минг 300 нафарга яқин ходимлар ва улар оила аъзоларининг Республикамиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор масканларга саёҳатлари ташкил қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Касаба сайр” шўъба корхонаси ҳам меҳнаткашлар учун шу турдаги тадбирларни ташкил этиб,  ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг узайтирилган дам олиш кунлари мароқли ўтишини таъминлашга қаратилган мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттиради.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати