Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мен касаба уюшмаси стипендианти бўлдим!

09.11.2022. Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқдир.

Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, айниқса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган ва уни амалга оширишда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Хусусан, мен касаба уюшмалари стипендианти бўлдим. Навоий давлат педагогика институтида Табиий фанлар факультети “География ва иқтисодий билим асослари” таълим йўналишида тўлов шартномаси асосида ўқишга қабул қилинганман. Ҳозирда мазкур институтда III босқичда таҳсил олаяпман. Олийгоҳни тамомлаб, педагогик соҳада фаолият юритиш ниятидаман. Чунки, қалби беғубор мактаб болаларига дарс бериш менга жуда ёқади. Отам ва онам ногирон, оилавий шароитимиз оғирлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигимиз туфайли тўлов шартнома пулини вақтида тўлай олмай қийналаётган эдик. Аммо, энди кўнглим хотиржам, сабаби касаба уюшмалари стипендианти бўлдим ва бу орқали шартнома пулим вақтида тўланадиган бўлди. Бундан нафақат мен, балки ота-онам ҳам жуда хурсанд бўлишди. Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман ва биз каби ёшларга яратилаётган ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, куч-ғайрат ва шижоат билан, билим ва салоҳиятимни ишга солиб, она юртим тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишга ваъда бераман.

Шаҳло Рузиева

Навоий давлат педагогика институти III босқич талабаси