Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови республика босқичи иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик мактуби

29.12.2021. Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Биз – танловнинг барча иштирокчилари фикрлашиб, Сизга ушбу дил сўзларимизни баён этишни лозим топдик.
Аввало, бундай имконият туғилганидан жуда хурсандмиз. Негаки, сиз билан ғойибдан бўлса-да, суҳбатлашиш, сизга дилимиздаги сўзларимизни айтиш ҳар биримизнинг орзуимиз эди.
Энг аввало, сизга Ота – Шавкат ота, дея мурожаат қилишга рухсат берсангиз. Нега десангиз, сизнинг бизга бераётганингиз меҳр расмий гап-сўзлар, муносабатлардан минг чандон баланд, худди отанинг ўз жигарбандига кўрсатаётган меҳридек қайноқ, самимий ва беминнатдир.

Азиз ва меҳрибон Шавкат ота!
Мамлакатимиз мактабларининг 10- ва 11-синфларида таълим олаётган 600 минг нафар ўқувчилар орасидан ғолиб чиқиб, танловнинг республика босқичига етиб келган 45 нафар биз тенгдош­лар юртимизнинг турли гўшаларида таваллуд топганмиз. Ким сўлим воҳада, ким баланд тоғлар этагидаги баҳаво қишлоқда, яна кимдир бепоён кенгликларни макон тутган овулларда…
Бироқ, туғилган жойимиз, миллатимиз, тилимиздан қатъи назар, барчамизни бир туйғу – Ватанга ва Сиз, азиз Президентимизга бўлган фарзандларча меҳр, самимий муҳаббат жипслаштирди. Биз гарчи бир-биримизни бугунгача танимаган, билмаган бўлсак-да, бу борада кўнгилларимиз якдил эканлиги ўз тасдиғини топди.
Танлов баҳона деярли бир ҳафта пойтахтимизда бўлиш юртимиз ва бугунги олиб борилаётган янгиланишлар борасидаги тасаввурларимизни янада ўзгартирди. Очиғи, кўпчилигимиз эндигина она кентимиз, қишлоғимиз остонасини ҳатлаб ташқарига чиқишимиз эди. Азим пойтахтимизни кўпимиз телевизорда, кинолардаги тасвирларда кўрган ва муайян тасаввур оғушида эдик. Бироқ келиб кўриб, очиғи, бошқа сайёрага тушиб қолгандай бўлдик. Гўзал, ниҳоятда жозибали… Таассуротларимиз ичимизга сиғмайди. «Тошкент Сити», «Ғалаба боғи», музейлар ва театрлар бизнинг юртимиз ҳақидаги тушунчаларимизни бойитди.

Муҳтарам Шавкат ота!
Тўғри, биз ёшмиз, ҳали ўқувчимиз. Аммо атрофда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришларни ҳис қилишга, чуқур англашга қодирмиз. Уйда ота-оналаримиз, мактабда устозларимиз бизга кўп бор, сизларнинг дунёқарашларингиз, фикрлашларингиз бизнинг ёшлик даврларимиздагига қараганда жуда юқори, кўз тегмасин, деб алқашади.
Айтганимиздек, кўпчилигимиз олис ва чекка қишлоқларда оддий оилаларда туғилганмиз. Шаҳарлардаги ҳашамат, шоҳона ҳаёт кўпчилигимизнинг тушимизга ҳам кирмаган. Аммо ичимизда бир ўкинч бор эдики, бу ўзимиз талпиниб оладиган билим маскани – мактабимиздан бизни айирмаса, деган. Чунки бизнинг тилимиз ҳам, оёғимиз ҳам пахта эгатларида чиққан. Аввал ота-онамиз, опа-акамизга қўшилиб далага чиққан бўлсак, сал улғайгач, пахтанинг мавсумий меҳнатига жалб қилинардик. Ҳамманинг олдида битта мақсад: қандай қилиб режани бажарамиз? Шундай кезларда «нега шу пахта экилмайдиган жойда ё шаҳарда туғилмадим, ўқиш даврим далада ўтса, қандай қилиб орзуларимга етаман?» деган ўкинч кўпчилигимизнинг кўнглимиздан ўтгани, қийнагани бор гап.
Сиз бизни мактабга, илм олишга қайтардингиз, «фарзандларим, азиз болаларим билим олсин, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасин», дедингиз. Бизнинг жажжи сиймомизда Учинчи Ренессансни яратадиган авлод тимсолини кўрдингиз ва бунунг учун барча шароитларни яратиб бердингиз…
Шундай экан, сизни нега яхши кўрмаслигимиз, ардоқламаслигимиз, жондан азиз отажоним, бобожоним демаслигимиз керак?!
Эндиликда биз нафақат фикрлаш тарзимизда, балки туриш-турмуш даражасида ҳам шаҳарликлардан қолишмайдиган шароитларга эга бўлдик. Мактабимизни-ку, қўя турайлик, ­қишлоқларимиз, овулларимиз кўчалари, шинам гузарлар, кутубхоналар, маданият масканлари ҳеч бир шаҳарникидан кам эмас.

Азиз Шавкат ота!
Биз 45 нафар ушбу танлов иштирокчилари мамлакатимиздаги барча тенгдошларимиз номидан кўрсатилаётган юксак эътибор, яратиб бераётган шароитлар ва бизга бўлган чексиз меҳрингиз учун Сизга ташаккур билдирамиз.
Келажакда Сиз бошчилигингизда бунёд этилаётган Янги Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши, дунё давлатлари сафида олдинги қаторлардан ўрин олишини таъминлаш учун бор куч-ғайратимизни сарфлашга, бунинг учун сидқидилдан ўқиш-ўрганишга, илм олишга қаттиқ киришамиз ва тенгдошларимизни ҳам шу ғоя йўлида бирлаштиришга сўз берамиз!
Сиз орзу қилган ишларни уддалаш, қалбингиз тўридаги муборак ва ёруғ ниятларнинг рўёбини Сиз ва азиз халқимизга кўрсатиш бизнинг қўлимиздан келади.
Биз – Янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажагимиз! Қалбимизда қайнаб турган шиддат ва шавқ, кўзимиздаги порлоқ нур бизни, албатта, шу манзилга етказади!

Click to listen highlighted text!