Мудира ишдан ноқонуний бўшатилган
03.05.2023. Хўжаобод туманидаги 2-давлат мактабгача таълим ташкилотида мудир лавозимида ишлаган Зарнигор Мирзакаримова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Унинг арзида вилоят мактабгача таълим бошқармаси уни ишдан ноқонуний бўшатгани қайд этилганди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти кенгашининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Муҳаммаджон Куббиев мурожаатни ўрганиш жараёнида аризачи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодекси талабларига риоя қилинмаганини аниқлади. Жумладан, ишдан бўшатишга асос бўлган – мактабгача таълим бўлими ишчи гуруҳи аниқлаган камчиликлар директор томонидан 9 кун аввал бартараф этилган. Қолаверса, болалар боғчаси раҳбари фаолияти давомида бирор марта ички тартиб-қоида бузилмаган.
Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармасига тақдимнома киритилди. Ўз вақтида жавоб бўлмагач, судга мурожаат қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида мазкур иш кўриб чиқилганда, З.Мирзакаримованинг хатти-ҳаракатларида ички меҳнат қоидаларини бузганлик ҳолатлари исботини топмаган. Аксинча, иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилиги бузилганига ойдинлик киритилди.
Адолат қарор топди. Суд ҳукми билан болалар боғчаси мудираси лавозимига тикланди ва 2 ойлик иш ҳақи ундириб берилди.
Анваржон Ҳалимов