28.04.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, ижтимоий ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар, Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, иш берувчилар вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари, Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари иштирок этдилар.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам иш жойида жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга йўналтирилган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган ушбу Давра суҳбатида ҳам аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш жойида ходимлар руҳиятига салбий таъсир этувчи омиллар, уларни бошқариш усуллари, бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминлаш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига эътибор кучайиб бораётганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши меҳнат муҳофазаси соҳасида иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини ошириш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини такомиллаштиришда муҳим омил бўлди.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларга соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, тегишли тартибда давлат экспертизаси ўтказиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунчалар берилди. Корхоналарда ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга ошириш ишларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг фикрлари ҳам тингланди. Хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси бош мутахассиси Гоча Александриа, “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Антон Хаузен томонидан Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг намунали ташкил этилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталинди. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, бунда хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилаётган имтиёз ва қулайликлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар учун яратилаётган иш ўринлари хавфсизлиги, коллеж битирувчиларига яратилган меҳнат шароитлари ўрганилиб, таҳлиллар асосида иш берувчиларга тегишли таклифлар киритиб борилаётгани таъкидланди.
Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида асосий эътибор профилактика ишларига қаратилмоқда. Меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, иш берувчилар масъулиятини янада ошириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар шулар жумласидандир. Шу мақсадларда Жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий-маиший объектларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ходимлар тегишли тартибда махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланмоқда. Ходимларни меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Меҳнат муҳофазаси масаласига эътиборнинг кучайтирилиши натижасида бугунги кунда корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги таъминланмоқда. Ушбу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, ходимлар саломатлигини сақлашга қаратилган талаблар кучайтирилди. Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича иш берувчилар ва уларнинг тегишли юқори бошқарув органлари масъулияти кучайтирилди.
Тадбир давомида бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган мутасаддилари ҳамда мутахассислари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан рағбатлантирилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. “Ўзбекнефтегаз” МХК, “Навоий кон-металлургия комбинати” Давлат корхонаси, “Олмалиқ КМК” АЖ, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника Университети, “Максам-Чирчиқ” АЖ мутахассис ва экспертлари, қатор тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларининг меҳнат муҳофазаси хизмати ходимлари шулар жумласидандир.
Давра суҳбати доирасида меҳнат муҳофазасига оид кўргазма ташкил этилиб, унда йирик корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, фермер хўжаликлари меҳнат муҳофазаси йўналишида тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Кока-кола” қўшма корхонасига ташриф буюриб, ходимларга яратилган меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Давра суҳбати якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган мазкур турдаги Давра суҳбатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати