Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Мурожаатлар эътиборда

20.07.2015. Фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларда кўрсатилган масалалар юзасидан қонун доирасида чоралар кўриш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­си Кенгашининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада тизимдаги юридик бўлимлар томонидан  қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти. Бўлим ҳуқуқшунослари фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги мурожаатларини ҳар томонлама ўрганиб, қонун доирасида ҳал этилишига эришмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида прокуратура органлари, ҳокимлик, вазирликлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик, ижтимоий шериклик муносабатлари, айниқса, қўл келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмаларига фуқаролардан 4431 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 3848 таси бевосита касаба уюшмалари томонидан ҳал этилиб, шу кунгача 1385 таси қаноатлантирилган.

Касаба уюшма ҳуқуқшунослари томонидан меҳнаткашлар ҳуқуқини судлар орқали ҳимоя қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Мисол учун, Хатирчи туман ҳокимлиги Молия бўлими ХТММБ “Умумтаълим мактабларида Молия-ҳисоб шўъбаси” ҳисобчиси Н.Габбасова ўз мурожаатида иш берувчи у билан тузилган меҳнат шартномасини ноқонуний бекор қилганини билдирган. Касаба уюшма ҳуқуқшунослари масалани атрофлича ўрганиб, туман молия бўлими мутасаддилари Меҳнат кодекси талабларига зид иш кўрганини аниқлашди. Музокаралар ва юборилган тақдимнома қаноатлантирилмагач, Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Натижада, суд касаба уюшма даъвосини тўғри деб топиб, Н.Габбасовани ўз ўрнига тиклаш ва бекор юрган даври учун 1.717.327 сўм ҳақ ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, Зомин тиббиёт коллежи ходими­ У. Чўтбоевнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда соғлигига етказилган зарар тўловлари иш берувчи томонидан тўланмаётганлиги тўғрисидаги шикояти юзасидан қонунбузилишларни бартараф этишни сўраб киритилган тақдимнома қаноатлантирилмагач, ходимнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилинди. Суд орқали фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари рўёбга чиқарилди.

Умуман, ходимлар ҳуқуқ­ини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга киритилган жами 38 та даъво ва буйруқ тартибидаги аризалардан 15 таси қаноатлантирилган, 3 таси рад этилган бўлса, 4  ҳолатда иш берувчи ўз ихтиёри билан ходимнинг ҳуқуқи  тикланганлиги сабабли даъводан воз кечилиб, тарафлар ўртасида келишув битимлари тузилишига эришилган. Ҳозирда 16 та даъво аризаси судда кўриб чиқилмоқда.

Музокаралар олиб бориш, иш берувчиларга меҳнат қонунчилиги талабларини тушунтириш қонунбузилишларнинг олдини олишда самарали дастак ҳисобланади. Мисол учун, Хоразм вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази гинекология бўлими врачи М.Эшчанова, марказ лаборанти М.Жуманиязова, Гурлан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Бўзқалъа” ҚВП ҳамшираси З.Иноятованинг маъмурият томонидан тўлиқ иш билан таъминланмаётгани тўғрисидаги мурожаатлари юзасидан ўтказилган текширув иш берувчи фуқароларни иш билан таъминлашда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётганини кўрсатди. Ваҳоланки, мамлакатимиз қонунларида ҳар бир фуқаро эркин меҳнат қилиш, тўлиқ иш билан таъминланиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Маъмурият билан олиб борилган музокаралардан сўнг фуқаролар талаби қондирилди. Вилоятдаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ходими Б.Ражабованинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун ҳисобланган пуллари тўланмаганлиги тўғрисидаги шикояти ҳам атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, мурожаатларни ўрганиш жараёнида ДАТ “Асака” банки Навоий вилоят филиали ходими Ф.Хусенова, ДТ «Халқ банки» Сурхондарё вилоят филиали Термиз амалиёт бўлими бош мутахассиси Г.Усанова, Олот тумани Аму-Бухоро машина канали бошқармаси ходими Н.Хўжаеванинг меҳнатга оид ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан қўпол равишда бузиб келинганлиги аниқланди. Тегишли тартибда иш берувчиларга киритилган тақдимномалар натижасида қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилиб, мурожаат муаллифларининг ҳуқуқи тикланди.

Шу ўринда қабул қилинаётган қонун, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат органлари, корхона-ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар зиммасига бир қатор вазифаларни юклаётганини таъкидлаш зарур. Жумладан, ўтган йили кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мурожаатлар билан ишлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш, электрон шакл­даги мурожаатларни қабул қилиш имкониятини яратиб берди. Қонунга асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг қарори билан “Касаба уюшмаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида” Низом тасдиқланган. Эндиликда меҳнаткашлар касаба уюшмаларига электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Йилнинг ўтган даврида фуқаролардан келиб тушган ариза-шикоятларнинг 96 таси айнан электрон шаклдаги мурожаатларни ташкил қилаётгани ҳам ушбу тизимнинг самарадорлигини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, тизимда фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефонлари” орқали тушаётган саволларни қабул қилиш, улар юзасидан тезкорлик билан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш касаба уюшма юридик хизматининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу хизматдан корхона-ташкилотлар ходимлари билан бир қаторда иш берувчилар, иш юритувчи ва ҳисобчиларнинг фойдаланаётгани муаммоларнинг олдини олишда қўл келмоқда. Йилнинг ўтган даври мобайнида “Ишонч телефонлари” орқали 890 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Мурожаатлар таҳлили баъзи иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигини яхши билмаслиги ёки била туриб амал қилмаслигини кўрсатяпти. Жумладан, жами мурожаатларнинг 989 таси меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномаси шартларини ўзгартириш, шунингдек, интизомий чора қўллаш тартиби бузилганлиги ҳолатларига оид экани иш берувчилар ўртасида меҳнат ҳуқуқи тар­ғиботини янада жонлантириш кераклигини билдиради. Юқоридаги масалалар юзасидан иш берувчиларга киритилган 148 та тақдимноманинг 117 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилган.  Шунинг­дек, меҳнат муҳофазасига оид 257 та, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан қарздорликни ундириш, жамоа шартномасининг бошқа шартларини бажарилишига доир 721 та, моддий ёрдам ва санаторийга йўлланма ажратиш бўйича 1286 та ҳамда меҳнат қонунчилигига тааллуқли бошқа мурожаатлар 628 тани ташкил этди. 865 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланиб, 280 млн. 449,3 минг сўм зарар ундириб берилишига эришилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мамлакатимизда меҳнат муносабатларига оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Лойиҳаларни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, таклифлар қабул қилиш, уларни умумлаштириш ва қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларга тақдим этиш ишлари мукаммал равишда амалга ошириляпти. Жумладан, ҳозирда  мутахассисларимиз “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг ­бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли ишчи гуруҳлар таркибида фаолият кўрсатаётир.

Шунингдек, мутахассисларимиз томонидан сўнгги уч йил ичида соҳага дахлдор қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, янгитдан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни ўзида мужассам этган “Меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар” номли китоб чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда “Якка меҳнат низолари комиссиялари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсиялар” ишлаб чиқилиб, барча корхона, муассаса ва ташкилотларга етказилди.

Click to listen highlighted text!