Click to listen highlighted text!

Приносить людям пользу - наивысшее счастье!

(+99871)

252-21-18

Адрес: 100165, г.Ташкент, ул. Бухара, 24

Символы Федерации профсоюзов Узбекистана


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемаси тўғрисида Н И З О М

  1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемаси Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни
    ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Уставига мувофиқ таъсис этилади.
  2. Эмблемада касаба уюшмаларининг бош вазифаси: аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмалари аъзоларини ижтимоий-меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқлари, ишлаб чиқариш, касбий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, мазкур масалаларда давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклиги акс этган.
  3. Эмблема Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, Федерация Кенгаши тасарруфидаги ва ҳудудий бирлашмалар томонидан ташкил этилган корхона ва ташкилотлар биноларининг олд томонига жойлаштирилади.
  4. Эмблема Федерация тизимида амал қиладиган ягона нусхадаги аъзолик билетларида, Федерация Кенгашининг, ўз рамзларига эга бўлмаган Федерацияга аъзо ташкилотлар, Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотларнинг бланклари, муҳрлари, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан чиқариладиган турли нашрларда, эсдалик совғаларида акс этгирилади.
  5. Эмблема Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Федерацияга аъзо ва Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар томонидан ўтказиладиган конференция, симпозиум, семинар ва учрашувларда кўринарли жойга илиб қўйилади.
  6. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемасининг такрорланаётган тасвири, унинг катта-кичиклигидан қатъий назар, тасдиқланган рангли ва оқ-қора тасвирига аниқ мос бўлиши керак.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемаси Т А В С И Ф И
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги таҳрирдаги рамзида ижтимоий шериклик асосида касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси – давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклиги асосида амалга оширилишини ифода этувчи воситалар тасвири акс эттирилган.Хусусан, касаба уюшмалари Федерациясининг янги таҳрирдаги рамзида акс этган уч нафар инсон тасвири – давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолиятини ифодалайди. Мазкур уч нафар инсон тасвирининг Ўзбекистон Республикаси харитаси узра акс эттирилиши эса бу фаолиятнинг мамлакат миқёсида амалга оширилишини англатади.

Уч инсон тасвирининг бир-бири билан жипсликда тасвирланиши – давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти уйғунлигини, уларнинг инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган мақсадларининг муштараклигини акс эттиради.

Шунингдек, уч инсон тасвиридаги бир томондан юқорига кўтарилган қўллар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган ва мамлакатимизда энг олий қадрият ҳисобланган инсон манфаатлари йўлидаги эзгу ишларда ижтимоий ҳамкор тарафлар – давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг юксак мақсадлар сари доимий олға интилиши маъносини англатади.

Тасвирдаги инсонлар образида акс этган ранглар эса Республикамиз байроғига ҳамоҳанглик билан бирга яшил ранг – доимий барҳаётлик, янгиланиш ва ривожланиш, оқ ранг – софлик, фаолиятдаги очиқлик ва ошкоралик, мовий ранг – Ватанимиздаги барқарор тинчлик, мусаффо осмонимиз, беғуборлик рамзи сифатида ифодаланган.

Касаба уюшмалари Федерациясининг янги таҳрирдаги рамзида акс этган Ўзбекистон Республикаси харитаси тасвири икки хил рангда:

  1. Хантал рангида;
  2. Жигаррангда берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси харитаси узра акс этган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси» ёзуви тўқ кўк рангда ифодаланади.




Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи тўғрисида Н И З О М

  1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Уставига мувофиқ таъсис этилади.
  2. Федерация байроғи: Федерация, республика касаба уюшмалари Қурултойлари ва кенгаш йиғилишларида, халқаро ҳамда бошқа анжуманларда, расмий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тимсоли бўлади.
  3. Байроқ бутун узунлиги бўйлаб сидирға оч мовий рангдан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато бўлиб, узунлиги 200 сантиметрга, кенглиги 100 сантиметрга тенг (нисбати 2:1).

Байроқнинг ўртасида, яъни байроқнинг чап ва ўнг томонларидан 40 сантиметрдан, юқори ва пастки томонларидан 20 сантиметрдан масофада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемаси узунлиги 120 сантиметр, кенглиги 60 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

  1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи Федерация Кенгаши, Федерацияга аъзо ташкилотлар раисларининг ҳамда Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг иш кабинетларида, шунингдек Федерация Кенгашининг биноси ва мажлислар залларида, касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларининг мажлислар залларида ўрнатилади.
  2. Байроқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Федерацияга аъзо ва Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тадбирларда, спорт мусобақаларида кўтарилиши мумкин. Байроқ умуммиллий тадбирлар ва тантаналар чоғида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда кўтарилса, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг олд томонига қараб турганда) чап томонда, Федерация байроғи ўнг томонда кўтарилмоғи керак.
  3. Байроқнинг турли ўлчамларда чиқарилишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда байроқнинг узунлиги ва кенглиги (нисбати 2:1) сақланиши, байроқ ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатьий назар, ҳамма вақт тасдиқланган рангли ва схематик тасвирига аниқ мос бўлиши керак.
  4. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Федерацияга аъзо ва Федерация Кенгаши тасарруфдаги ташкилотлар буюртмасига асосан тайёрланаётган матбаа, реклама-ахборот ва ёдгорлик буюмларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи акс этгирилиши мумкин.
  5. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғини тайёрлаш, сақлаш устидан назорат Федерация Кенгаши ишлар бошқармасига юклатилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи Т А В С И Ф И

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи – байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб сидирга оч мовий рангдан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Байроқдаги оч мовий ранг – мусаффо осмон рамзи бўлиб, тинчлик, осойишталик тимсолидир.

Байроқнинг узунлиги 200 сантиметрга, кенглиги 100 сантиметрга тенг (нисбати 2:1).

Байроқнинг ўртасида, яъни байроқнииг чап ва ўнг томонларидан 40 сантиметрдан, юқори ва пастки томонларидан 20 сантиметрдан масофада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эмблемаси узунлиги 120 сантиметр, кенглиги 60 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси байроғи оч мовий рангда бўлиб, унинг марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги таҳрирдаги рамзи акс этган.

Байроқнинг оч мовий рангда ифодаланиши ўзига хос рамзий маънога эга. Яъни, оч мовий ранг орқали мамлакатимиздаги соғлом ижтимоий-сиёсий муҳит натижасида фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, касаба уюшмалари фаолияти, улар фаолиятини ривожлантириш учун яратилган қулай ва етарли шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар ифода этилган.

Байроқ ўлчами 2 метрга 1 метр нисбатда олинади.

Print Friendly
Click to listen highlighted text!