26.11.2014 Жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан фуқароларнинг 93 та ёзма, 61 та оғзаки мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг 58 таси қаноатлантирилиб, 64 таси бўйича тушунтиришлар берилган.
Мурожаатларни ўрганиш жараёнида аниқланган қонунбузарликлар юзасидан 25 та тақдимнома, судларга 14 та даъво аризаси киритилди. 33 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Жумладан, Зарбдор, Дўстлик туманлари йўл хўжалиги таъмирлаш ва фойдаланиш пудрат корхоналарида ишловчи бир гуруҳ фуқаролар ўн нафар ходимнинг иш ҳақи камайтирилгани, беш нафар ходим ишдан бўшатилганидан норози бўлиб мурожаат қилганди. Ўрганиш жараёнида маъмурият томонидан йўл қўйилган қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф қилиш ҳақида корхоналар раҳбариятига тақдимнома киритилди. Бироқ иш берувчи тақдимномани қаноатлантирмагач, касаба уюшмалари судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Натижада, касаба уюшма ҳуқуқшуносларининг саъй-ҳаракати билан меҳнаткашларнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тўлиқ тикланди.
Ачинарлиси, мазкур корхоналар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари қонунбузарликни бартараф қилиш учун иш берувчига тақдимнома киритмаган ёки у билан низоли масала бўйича музокара олиб бориш чора-тадбирларини кўрмаган.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гавҳар Қувноқованинг иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан сўнг, маъмурият томонидан бир неча ойдан буён ишга қўйилмаётганлиги ҳақидаги аризаси ўрганилиб, иш берувчи хатти-ҳаракатлари меҳнат қонунчилигимизга мос келмаслиги аниқланган. Бирлашма кенгашининг иш берувчига киритган тақдимномаси қаноатлантирилмагач, низо судда кўриб чиқилиб, Г.Қувноқованинг фойдасига ҳал қилинди.
Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг буйруқларига асосан иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномалари бекор қилинган Ўктам Абдусаматов, Ҳамза Дўстбеков ҳам бирлашма кенгашининг судга киритган даъвосига асосан ўз лавозимларига тикланиб, уларга мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб берилди.