Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Мушкулим осон бўлди»

08.07.2024. – Қарийб 15 йил бир муассасада турли бўлимларда фаолият юритдим. Оғринган пайтларим ҳам бўлган, албатта. Чунки ҳар доим у ёки бу ходимнинг ўрнига ўтказишарди. Яхшиямки, касаба уюшмаси бор экан, уларнинг аралашуви билан мушкулим осон бўлди, – дейди Венера Дуйсенбаева.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши томонидан фуқаро Венера Дуйсенбаеванинг мурожаати бўйича жойига чиқиб ўрганилганда, унинг Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалида 2009 йилдан буён бир нечта бўлимларда ҳамшира бўлиб ишлаб келгани, аммо доимий лавозимда ишламагани учун бу ҳақда раҳбариятга билдирганда бўш (вакант) иш ўринлари учун ўтказиладиган танловда қатнашиш лозимлигини айтишгани аёнлашди. Бу жараёнда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган бўлиб, мурожаат эгасининг танловда қатнашиши асоссиздир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 21 январдаги 18-сонли буйруғининг 1-бандида барча турдаги даволаш-профилактика муассасаларида 2019 йил февраль ойидан қоида тарзида асосий иш ўрнига тиббиёт ходимларини фақат тўлиқ ставкага ишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Аммо 2024 йил 25 февраль куни филиалда ўтказилган танлов натижаларига кўра, юқорида кўрсатилган буйруқ талабларига риоя қилинмай, ходимлар 0,5 ва 0,75 штат бирликларида ишга қабул қилинган.

Қолаверса, Камбағалликни қисқартиш ва бандлик вазирининг адлия органидан 3451-сонли буйруғи билан тасдиқланган режаси фақат ишга қабул қилиш вақтида танлов ўтказиш тартибини белгилайди, ходимларни бошқа ишга ўтказишда танлов ўтказиш тартиби эса режада назарда тутилмаган. Иккинчидан, филиалдаги бўш (вакант) иш ўринларига ишга қабул қилишда танлов ўтказиш 2023 йил 19 декабрь куни директорнинг 76-сонли буйруғи билан жорий қилинган.

Бироқ Венера Дуйсенбаева билан бирга фаолият юритиб келган Айнура Ержанова, Гўзал Смамутова, Жадра Бекимбетова филиалнинг 2023 йил 19 декабрдаги (директор томонидан ишга қабул қилишда танлов ўтказиш жорий қилинган кун) буйруқлари билан ҳеч бир танловсиз бошқа доимий лавозимларга ўтказилган.

Учинчидан, танлов филиалда тўлиқ бўлмаган штат бирликларида фаолият юритиб келаётган ишчи ва ўрта тиббиёт ходимларининг штат бирликларини тўлдириш мақсадида ўтказилган.

Яна иш берувчи дастлаб филиалдаги тўлиқ бўлмаган штат бирликлари ва вақтинча ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнида меҳнат қилиб келаётган ходимларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш ўрнига танловда бир вақтнинг ўзида ташқаридан талабгорлар иштирокига йўл қўйган.

Ўрганишлардан сўнг, мурожаат ижобий ҳал этилди. Венера Дуйсенбаева Эндокринология филиалининг Тана вазнини йўқотиш эндокрин касалликлар реабилитация бўлимига ҳамшираликка ўтказилди.

Фотима Абдураимова