Мусобақада ёш оилалар фаол иштирок этмоқдалар
02.11.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда “Биз соғлом ёш оиламиз” шиори остида ўтказилаётган оилавий спорт мусобақасининг II босқичи ҳудудларда катта қизиқиш билан ташкил этилди.
Ушбу мусобақани ташкил этишдан мақсад ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, ёш ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спорт билан шуғулланиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ажримларни олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёш ходимларни иш жойларида қўнимлилигини таъминлаб боришдан иборатдир.
Мусобақанинг II босқичида корхонларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар ўзаро 5 та шарт асосида беллашдилар. Ота-оналар ва болажонларнинг хурсандчилигига сабаб бўлган мусобақалар якунига кўра, Тошкент вилояти ҳудудидан “Махам-Сhirchiq” АЖ жамоаси, Навоий вилояти ҳудудидан “Навоийазот” АЖ жамоаси ва Фарғона вилояти ҳудудидан “Фарғонаазот” АЖ жамоалари ғолибликни қўлга киритдилар ва мусобақанинг Республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.
Ғолиб жамоалар касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси