Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Назм мулкининг султони

09.02.2016. Айни кунларда шеърият мулкининг султони – Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги бутун мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан турли тармоқлар тизимидаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда ушбу санага бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири вилоят давлат солиқ инспекцияси фаоллар залида бўлиб ўтди. Буюк шоир меросига эҳтиром ила йўғрилган мазкур “Маънавият соати”да турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимлари, адабиёт ва санъат намоёндалари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан шоир  Алишер Нурбоев Алишер Навоий асарларининг замонавий  адабиётга таъсири, шоир қолдирган бой адабий мероснинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, Навоий ижодида адолат принциплари ҳақида алоҳида тўхталиб, шоир ғазалларидан намуналар ўқиди.

Сўз олганлар ўзбек заминида етишиб чиққан, бугун ижодий ва илмий меросларини бутун дунё ўрганаётган бобокалонларимиз, шу жумладан, Навоий сиймосига дунёнинг барча бурчакларида эҳтиром кўрсатилаётгани ҳақида фахрланиб сўзладилар.

Давлат солиқ инспекцияси ходимлари шеърият мулкининг султони бўлган ҳазрат Навоий ғазалларини ёддан ўқиб, шоирга ҳурмат бажо келтирдилар.

Тадбир жонли ва қизиқарли ўтди.