Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Офтобжон”дан завқланаётган болажонлар

30.07.2024. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Navoiyazot” АЖ тасарруфидаги “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи жорий йилда ҳам ўз бағрига болажонларни чорлади.

Бу йилги ёз мавсумида “Офтобжон” оромгоҳида 1500 нафар болажонларни дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 4 та мавсумда, жами 1473 нафар болажонлар қабул қилинди. Ҳозирда навбатдаги 5-мавсумни бошлаш учун ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Оромгоҳда болалар учун ётоқхона биноси, ҳар бир бинода ўғил ва қиз болаларга алоҳида алоҳида ётоқхоналар, кийимлар қўйиш учун махсус жой, ювиниш ва ички хожатхона, тарбиячи ва етакчилар учун алоҳида ётоқхона, ходимлар хожатхонаси, дам олувчи болалар учун суҳбатлашиш зали мавжуд. Ҳар бир ётоқхона биноси олдида болалар учун арғимчоқлар, дам олиш ва суҳбатлашиш майдончалари ташкил этилган.

Дам олувчи болалар ва ходимлар тўлиқ овқатланиши учун ошхона, 20 ўринли ювиниш хонаси, кир ювиш, дазмоллаш, ташқарида қиз ва ўғил болалар  учун хожатхоналар  мавжуд.

Оромгоҳда спортнинг футбол, сузиш, волейбол, баскетбол, теннис, бадминтон, югуриш йўлаги, шашка, шахмат ва бошқа турлари билан шуғилланиш учун махсус майдон ва жойлар ҳамда сузиш ҳафзаси мавжуд.

Болаларни кунлик соғлиқларини назорат қилиш учун оромгоҳда тиббиёт биноси мавжуд бўлиб, унда тўсатдан оғриб қолган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус жиҳозланган хоналар, дори-дармонларни сақлаш шкафлари, совитгичлар ва бошқа барча шароитлар яратилган. Тиббиёт хонаси зарур дори-дармонлар билан таъминланган.

Оромгоҳда болаларни маданий дам олишлари учун катта ва кичик очиқ концерт зали, мусиқий асбоб жиҳозлари, 5 та тўгарак хоналари, 2446 та китобни жамлаган кутубхона ва компьютер хонаси мавжуд.

Республика кенгаши томонидан оромгоҳда дам олаётган болажонлар фойдаланишлари учун спорт анжомлари тақдим этилди.

Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, корхона ходимлари фарзандлари учун корхона касаба уюшмаси томонидан имтиёзли равишда йўлланмалар тақдим этиб келинмоқда.

Оромгоҳда махсус тузилган режа асосида тадбирлар ташкил этиб борилмоқда. Ҳар бир мавсум “Ўзбекистонда биз бир жамоа, биз бир оила”  шиори остида бошланиб, унда болажонлар ўзаро танишиб олишлари учун имконият яратилади. Ҳозиргача, режа асосида “Бахтли болалик”, “Гиёҳвандлик-аср вабоси” танлови, “Ёш қутқарувчи”, “Орзуйимдаги сарой”, “Истеъдод шоу”, “Мен, албатта, ҳарбий бўламан”, “Энг тоза, озода ва шинам гуруҳ хонаси”, “Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Буюк ипак йўли”, “Шарқ бозори” каби маданий тадбирлар ва “Тарихсиз келажак бўлмас” мавзусида кўргазмалар ташкил этиб борилмоқда.

Оромгоҳда спортнинг шашка, шахмат, бадментон, футбол, волейбол, баскетбол, енгил атлетика, сузиш, югуриш каби спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиб борилмоқда.

Мавсум давомида корхона касаба уюшмаси томонидан Бухоро қўғирчоқ театри ва Тошкент  қўғирчоқ театри жамоаларини жалб этган ҳолда лазер-шоулар ўтказилди. Шунингдек, болажонларда тадбиркорлик кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида “Ёш тадбиркорлар” ярмаркаси ташкил қилиш орқали ҳар бир гуруҳ томонидан ясалган буюмлар кўргазмалари савдоси ташкил қилинмоқда.

Ҳар бир мавсум якунига бағишланган тадбирларда  оромгоҳ томонидан ўтказилган мусобақа ва танловларда фаол иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган болажонлар касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 1-, 2-, ва 3-даражали дипломлар, фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланиб борилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллар жамланмаси тўпламлари совға қилинмоқда.

Бир сўз билан айтган болажонлар таътилни завқга тўлиб-тошиб ўтказмоқдалар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси