[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.06.2024. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 27-февралдаги 84-сон қарори билан тасдиқланган “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси” талабларидан келиб чиққан ҳолда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ га қарашли 5 та оромгоҳ – “Тонг”, “Металлург”, “Гулзор”, “Истиқлол” ва “Парвоз” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари учун малакали кадрлар жалб этилди.

Худди шу мақсадда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши ташаббуси билан 2024-йилги ёз мавсумида комбинат тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ишлаш истагини билдирган 287 нафар талабгор учун 15 соатдан иборат бўлган ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув машғулотларининг биринчи куни тингловчиларга “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси”, “Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисидаги Низом” каби ҳужжатларда назарда тутилган тартиб-қоидалар хусусида батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, оромгоҳларда ҳавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасида тингловчиларнинг билим ва кўникмалари оширилди.

Ўқув жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма асосида оромгоҳлар фаолиятини ихтисослаштириш, хусусан, ҳарбий ватанпарварлик тарбияси, интеллектуал ривожлантириш, бадиий ижодиёт, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик йўналишларидаги оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилди. Бундан ташқари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида юритилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва оромгоҳлар учун тавсия этилган кун тартиби, 12-кунлик намунавий Дастур асосида тавсиялар берилди. .

Бу йилги услубий қўлланмада алоҳида ва муҳим ўрин тутган “Оромгоҳлардаги психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар. Оромгоҳлардаги психологнинг намунавий иш режаси. Темпераментни аниқлаш методикаси”, “Стресс ва салбий эмоцияларни бошқариш” педагоглар учун психологик тренинг дастури” мавзулари ҳам уқув иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Ўқув давомида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Болаларни ёзги соғломлаштириш ишларининг ташкилий-услубий асослари”, “Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари ва оромгоҳларда малакали тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш”, “Болалар соғломлаштириш оромгоҳининг спорт тадбирлари намунавий Режаси. Болалар соғломлаштириш оромгоҳида спорт тадбирлари ўтказишда фойдаланиш учун намунавий ўйинлар”, “Ёзги оромгоҳларда “Маънавият ва маърифат” хоналарини жиҳозлашга оид тавсиялар, оромгоҳнинг маданий-маърифий  тадбирлари намунавий режаси”, “Тўгараклар фаолияти ва оромгоҳда чет тили тўгарагини ташкил этиш”, “Оромгоҳда кутубхона ишини ташкил этиш” мавзуларидаги тақдимотлар ҳам ўтказилди.

Оромгоҳ фаолиятида асосий ўрин тутувчи масалалардан яна бири – болажонларга фойдали, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрлаб бериш масаласидир. Шу боис болажонлар учун таомнома тузиш ва оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш тартиби тўғрисидаги машғулотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига  йўлланмаларни ажратиш, тақсимлаш, тарқатиш ва сотиш тартиби, оромгоҳларга йўлланма билан келган болажонларнинг хужжатларини юритиш бўйича мутахассислар томонидан амалий машғулотлар ўтилди.

Ўқув машғулотлари тингловчилари учун меъёрий ҳужжатлар асосида тақдим этилган маълумотларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш мақсадида умумий ва касбига доир саволларни ўз ичига олган тест синовлари ташкил этилди. Яна бир муҳим жиҳат – комбинат оромгоҳлари учун  кадрлар заҳираси базаси яратилди.

Тестдан юқори балл олган тарбиячи ва етакчиларга Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти томонидан сертификатлар топширилди.

Умида Жалилова

“Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмасининг ташкилий ишлар бўйича етакчи мутахассиси