Президентимиз ташаббуси билан касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Хонқада янги санаторий барпо этилмоқда
17.03.2023. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яна бир замонавий сиҳатгоҳ – жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи янги замонавий санаторийни барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
Жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи мазкур 200 ўринли барча қулайликларга эга замонавий санаторий қурилиши учун туманнинг Қирқ ёп маҳалла фуқаролар йиғини худудида 3 гектардан ортиқ ер майдони ажратилди. Саломатлик маркази қурилиши тадбирида иштирок этганлар Давлатимиз раҳбари томонидан халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ишлар, кўрсатилаётган эътибор ва унинг амалий натижаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
– Алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги йилларда Президентимиз томонидан Оролбўйи минтақасида яшовчи инсонларнинг саломатлиги масаласига юксак эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Хонқа туман бўлими мудири Замира Маткаримова. – Хонқа туманида замонавий турдаги, юқори технологияларга асосланган янги санаторийнинг қурилаётгани ҳам туманимиз аҳолисини ниҳоятда қувонтирди. Чунки, ушбу сиҳатгоҳнинг барпо этилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда жуда муҳимдир. Бу ерда яшовчилар энди узоққа бормай, ўзлари яшаб турган ҳудудда ҳам сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган сиҳатгоҳда дам олиб, даволаниш имконини берувчи санаторий фойдаланишга топширилишини интиқлик билан кутмоқдалар. Инсон ва унинг саломатлигига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Давлатимиз раҳбаридан аҳолимиз ниҳоятда миннатдорлар.
Оролбўйи худуди аҳолисиинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу янги санаторийнинг жаҳон стандартларига мос равишда хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Касаба лойиҳа” Масъулияти чекланган жамияти томонидан янги санаторийнинг замонавий ва миллий маданиятимизга мос жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ янги санаторийда минерал сув, табиий иқлимий даволаш омиллари, анъанавий физотерапевтик муолажалар учун алоҳида бўлимлар барпо этилишига киришилди.
– Бу ерда ер қаъридан 780 метр чуқурликда йодли, бромли, натрий-хлоридли маъданли сув чиқади, – деди “Хонқа” санаторийси директори Шуҳрат Собиров. – Ушбу сув асосан юрак қон-томир, неврологик, ҳаракат таянч ва гинекологик касалликларни даволашда жуда яхши самара беради. Асосий даволаш омилларидан бири мана шу маъданли сув бўлса, иккинчиси, Жиззах вилоятининг Балиқли кўлидан олиб келинувчи балчиқ, шунингдек, парафин-озокеритдир. Воҳамизда ҳаракат-таянч аъзолари ва умуртқа поғонаси чурраси касалликлари кўпроқ учрагани боис, янги санаторийда ушбу касалликларни даволаш учун мўлжалланган умуртқа поғонасини маъданли сувда тортиш муолажаларининг йўлга қўйилиши нур устига аъло нур бўлмоқда.
Таъкидлаш зарурки, янги барпо этилаётган санаторийда замонавий очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, азонотерапия, лазеротерапия ва магнитотеропия хоналари, шифобахш тузли ғор, сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган даволаш хоналари ва дам олиш холлари, тантаналар зали, кинотеатр, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун махсус қулайликлар мавжуд ётоқ хоналари ҳам қурилмоқда.
Янги қурилаётган санаторий 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда йилига 6 минг нафарга яқин меҳнаткаш соғломлаштирилади. Уларга 113 нафар ходим хизмат кўрсатади.
Замонавий архитектура ютуқлари асосида барпо этилаётган ушбу санаторий Хоразм вилояти ва бошқа ҳудудлардан келувчи дам олувчилар учун Амударё қирғоғи яқинида жойлашган муносиб дам олиш масканига айланади.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари