Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Қишлоқ хўжалигида муносиб меҳнат шароитларини яратиш

04.08.2022. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан “Муносиб меҳнат шароитларини яратиш – иш берувчиларнинг бурчи” мавзусида ўтказилаётган туркум семинарларнинг навбатдагиси Тошкент вилоятида бўлиб ўтди.

Унда уч томонлама ижтимоий шериклар – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси мутасаддилари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар, касаба уюшмаларининг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, беш миллиондан зиёд аъзоларни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг 5 592 та ташкилотда меҳнат қилаётган 1 млн 878 минг 885 нафар аъзога эга.

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши 18 та вазирлик, идора ва компаниялар билан меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга оид тармоқ келишувларини имзолаган. Тармоқ тизимидаги ташкилот ва муассасаларнинг барчасида, яъни 5 592 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари тузилишига эришилган.

Маълумки, қишлоқ хўжалиги соҳаси кўп тармоқли ва салоҳиятли соҳалардан бири ҳисобланади. Унга, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, йилқичилик, полизчилик, боғдорчилик, узумчилик каби соҳалар киради. Шунингдек, агросаноат мажмуи тизимида қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари мавжуд бўлиб, улар қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнида узвий ҳамкорликда иш олиб борадилар. Масалан, пахта далаларида терилган пахта толасини қайта ишлаш учун пахта тозалаш корхоналарига олиб келинади. Пахта толаси ип-калава ишлаб чиқариш корхоналарига (текстиль) жўнатилади. Жумладан, пахта толасидан олинадиган чигитдан пресслаш ва экстракциялаш усули билан (ўсимлик ёғи, совун ва бошқа) маҳсулотларни олиш учун “Ўзпахта ёғ” акциядорлик жамияти корхоналарига шартнома асосида қайта ишлаш учун юборилади.

– Барчамизга маълум корхона ва ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак, – деди жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев. – Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига кириши меҳнатга оид қонун ҳужжатларида кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазасини йўлга қўйиш мақсадида эса йигирмага яқин нормативлар қабул қилинган. Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағларни қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда ажратиши ҳамда ходимлар ана шу мақсадлар учун бирор-бир чиқим қилмасликлари зарур.

Шундай бўлсада, айрим бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар томонидан меҳнат муҳофазаси тадбирлари учун етарли миқдорда маблағлар сарфланмаётганлиги ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Шу боис ҳам Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан бошланғич ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси ҳолатини ўрганиш жараёнида иш берувчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонун талаблари атрофлича тушунтирилиб, тақдимномалар киритилмоқда.

Таҳлил натижаларига кўра, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг жамоа шартномаларида ходимларга меҳнатнинг соғлом ва хавфсиз шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича жорий йилга 172 990 та чора-тадбирлар режалаштирилган бўлиб, уларга ажратилган маблағ 32 млрд. 722 млн. 880 сўмни ташкил этган.

Маълумки, иш жойида хавфсиз иш усулларини олиб бориш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади. Йўриқномалар касб ва иш турларига бўлинади. Масалан, пахта йиғим-терими мавсумида фермер хўжаликлари ходимларининг ишларни ҳавф-хатарсиз олиб боришлари ҳамда меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилишлари мақсадида:

– теримчилар учун;

– дала шароитларида таом тайёрловчи ошпазлар учун;

– ғилдиракли трактор ҳайдовчилари учун;

– юк автоулови ҳайдовчилари учун;

– йиғим-терим учун маъсул отряд бошлиқлари учун меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилган.

Меҳнат муҳофазаси бўйича ишлаб чиқилган йўриқномалар касаба уюшмаси туман кенгашлари билан келишилган ҳолда туман фермерлар кенгаши томонидан тасдиқланади. Зарур ҳолларда янги касб ёки иш турлари қўшилганда, янги технологиялар, йўриқномаларга ўзгартиришлар киритилганда ходимларни йўриқномаларда қўйилган талаблар билан таништириш лозим бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида қишлоқ хўжалиги тизимида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 315 та корхона ва ташкилотнинг 22 800 нафар ишчи-ходимлари Жамоа шартномалари орқали 5 млрд. 800 млн. 600 минг сўмлик, махсус кийим-бош ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланган. Шунингдек, агросаноат мажмуи тизимидаги 690 та ташкилотда 5 990 та иш ўрни меҳнат шароитлари бўйича белгиланган муддатларда аттестациядан ўтказилган. Жумладан, тизимда меҳнат қвилаётган ходимларнинг 3 909 нафари сут маҳсулотларини бепул олиш, 133 нафари имтиёзли равишда пенсияга чиқиш ва 6 443 нафари қўшимча меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлганлар.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, касб касалликлари профилактикасининг энг самарали йўналишларидан бири ишчи ва ходимларни профилактик тиббий кўриклардан ўтказишдир. Худди шу мақсадларда, яъни, тармоқ ташкилотларидаги ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган, пенсия ёшига тўлган шахсларни тиббий кўриклардан ўрнатилган муддатларда ўтказиш мақсадида ҳисобот даврида 390 та корхонада меҳнат қилаётган 22 320 нафар ходим тиббий кўриклардан ўтказилди. Тиббий кўриклар учун сарфланган маблағ миқдори 3 млрд. 900 минг сўмни ташкил этди.

Яна бир қувонарли ҳолат – охирги йилларда заҳарли кимёвий воситалардан сурункали заҳарланишнинг бирламчи тасдиқланиши сезиларли даражада камайган.

Касаба уюшма фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари томонидан ходимларнинг тиббий кўриклардан белгиланган муддатларда ўтказилишида иш берувчиларга тегишли талаблар билан мурожаат қилишлари жуда муҳимдир. Касаба уюшмалари бундай ҳолатлар юзасидан корхоналарнинг юқори ташкилотларига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тегишли тартибда мурожаат киритиб, ижобий натижаларга эришиб келмоқда.

Содир бўлган бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабарнома бериш тизимини кўчайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Раёсатининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабардор этиш ва махсус текшириш комиссияси ишида касаба уюшмалари вакиллигини белгилаш тўғрисида”ги 22-7 сонли қарори муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Хусусан, ушбу Раёсат қарори билан тасдиқланган махсус тартиб асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Семинарда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳам сўз олиб, ўз ташкилотларидаги меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими ҳолати хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!