Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Қонун барчага баробар

13.10.2021. Халқимизда «Ҳар ким ўз кўмочига ўзи кул тортади», деган гап бор. Бугун хусусий сектордаги аксарият корхоналарда иш берувчиларнинг ходимларга муносабати шу нақлга монанд бўляпти. Масалан, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлашга боғлиқ муаммони олиб кўрайлик. Ҳеч кимга сир эмас, бундай вазиятларда иш берувчи тўловларни амалга оширишдан қочиши, ҳатто ходимни ишдан бўшатиш ҳаракатида бўлиши амалиётда тез-тез учраб турибди.

Андижон шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият кўрсатаётган «Medical centr focus» хусусий клиникаси ҳамшираси Гулчеҳра Саидбурҳонова худди шундай ҳолатга дуч келди.
Тўғри, бу борада бош шифокор ходимга тазйиқ ўтказиш ёки мажбуран ариза ёздириш йўлидан бормади. Аксинча, яхши гапириб, «Туғруққача ўзингизни эҳтиёт қилишингиз керак. Шунинг учун ишга чиқмай, дам олиб туринг», деб насиҳат қилди. Аммо орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, унинг «меҳрибонлиги» сири юзага қалқди. Корхона бош ҳисобчиси Г.Саидбурҳоновага ишдан бўшатилганини айтиб, қўлига меҳнат дафтарчасини тутқазди.
Шундан сўнг ноилож қолган ҳомиладор аёл ҳақиқатни тиклашда ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгашига мурожаат қилди. Кенгашнинг юридик бўлими вакиллари можарони атрофлича ва холисона ўрганиб чиқиб, МЧЖ раҳбариятига тақдимнома киритди. Натижада Г.Саидбурҳонова ишига тикланди.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қонунан тўлаб берилмоқда. Хусусий секторларда бу борадаги умумий аҳвол қандай экани эса юқорида баён этилган воқеадан билиниб турибди. Шундай экан, мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилмаётган хусусий корхоналар раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтириш, барча жамоаларда ходимларни бирдек қадрлаш чораларини кўриш керак!

Нурилло Нўъмонов

Click to listen highlighted text!