Россиялик 100 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни юртимизда ўтказади
22.06.2024. Москвадаги Crocus City Hall фожеасидан жабрланган болалар ёзги таътилни юртимизда ўтказиш учун таклиф этилди. Шу муносабат билан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида100 нафар ўғил-қиз тантанали кутиб олинди.
Жажжи меҳмонлар ва делегация аъзоларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари илиқ қарши олишди.
Учрашувда Федерация раиси ёш меҳмонларга Ўзбекистонда ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий камолотини юксалтириш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётгани, ёзги соғломлаштириш борасидаги тизимли ишлар ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Ўз навбатида болажонлар ҳам ёзги таътилни Ўзбекистонда ўтказиш учун таклиф этилганидан мамнунликларини изҳор этишди. Ҳаяжонли лаҳзаларда болажонларга спорт либослари ва совғалар улашилди.
Шундан сўнг болалар Бўстонлиқ туманидаги “АНОР” болалар соғломлаштириш оромгоҳига кузатиб қўйилди.
Эслатиш жоизки, оромгоҳдаги 14 кунлик таътил давомида болажонларнинг вақтини мароқли ўтказиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, улар турли спорт тўгаракларида қатнашади.
Қизиқарли турнирлар, чемпионатлар ўтказилади. Таниқли спорт усталари ўғил-қизларга маҳорат дарслари ўтишади.
Дам олувчилар “Моҳир қўллар”, расм чизиш, рақс, театр, мусиқа, компьютер тўгаракларида иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини бойитади. Кутубхонадаги бадиий адабиётлардан баҳра олишади.
Шунингдек, “Сув тўлқинлари” фестивали, “Нептун куни”га бағишланган сув ўйинлари ва комикслар, кино кечалари ва спектакллар намойиши, “Анор”да бахтли болалик” видеотанлови ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, меҳмонларни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва “Боқий шаҳар” мажмуасига бўладиган қизиқарли экскурсия кутмоқда. Ишонамиз, таътил онлари россиялик болажонлар учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этади…