Медиа-тренинг
24.09.2020. Жорий йилнинг 21 – 23 сентябрь кунлари Тошкент вилоятининг «Авеню парк» мажмуасида журналистларга пахта терими мавзусини ёритишда ахборотни сифатли етказишни ўргатишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу медиа-тренинг Президент Администрацияси қошидаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги томонидан Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг (ЗЖРМ) етук мутахассислари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб этган ҳолда ташкил этилди.
Тренингда вазирлик ва идоралар, етакчи интернет-нашрлар, электрон оммавий ахборот воситалари, телевидение ва газеталар журналистлари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан халқаро ва миллий меҳнат стандартлари, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар, «мажбурий меҳнат», «болалар меҳнати» ва шу каби тушунчалар бўйича маълумот берилди ҳамда муайян давлат органларининг бу борадаги вазифалари тушунтирилди.
Шу билан бирга касаба уюшмаси ташкилотларининг фаолиятлари, ижтимоий-меҳнат ва ҳуқуқий ҳимоя борасидаги амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳамда ташкилотдаги касаба уюшма қўмитаси раисининг ваколатлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон қандай халқаро конвенциялар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилганлиги ва мазкур нормаларга амалда қандай риоя қилинаётгани хусусида сўз юритдилар.
Тренинг давомида журналистларга ходимларни ишдан бўшатиш, интизомий жазо бериш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир интерактив машғулотлар ташкил қилинди.
Меҳнат ҳуқуқи бузилишига оид ҳар қандай фактларнинг ҳаққонийлигини текшириш учун қандай воситалардан фойдаланиш, мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш ҳақида маълумотлар берилди.