Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилоти таъсис этилди

22.09.2023. Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” Конгресс марказида Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъсис йиғилишини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор  Қудратилла Рафиков очиб берди ва олиб борди.

Анжуманда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари касаба уюшмалари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимизнинг таниқли сиёсатчи ва зиёлилари, жамоатчилик ва илм-фан намоёндалари, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг аъзо ташкилотлари ҳамда ҳудудий кенгашлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, мазкур анжуман иштирокчиларини, умуман, халқларимизни жуда катта ва узоқ ўтмиш, бебаҳо умуммерос бирлаштириб туради. Кейинги йилларда туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятини тўлиқ ишга солишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг таъсис йиғилишида ана шу умумий тарихни ҳамда бугунги даврдаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотини таъсис этишдан кўзланган мақсад – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, ходимларнинг меҳнат, касбий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Анжуманда Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлаб, халқаро майдонда ўз нуфузига эга бўлишга интилиши, натижада анъанавий ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик асосида шаклланаётган муносабатларнинг минтақавий аҳамияти сезиларли даражада ривожланиши, мазкур анжуман ўзаро биродарлик, тарихий ўзлик ва ҳамкорликка бўлган ана шундай эҳтиёжларга тўла мос тушиши алоҳида қайд этилди.

Янги тузилма меҳнатдаги мувозанатга кафил бўлувчи вазифаларни амалга ошириш орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий, меҳнат, касбий, иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш йўналишларида иш олиб боради.

Мазкур ташкилотнинг тузилиши туркий давлатлар касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий ҳимоя жабҳасида бирлашиши учун мустаҳкам замин яратади. Янги тузилма турли мафкура ва сиёсатдан холи эканлиги, том маънода ижтимоий-иқтисодий ва маданий халқаро институт мақомига мутаносиблиги билан алоҳида ажралиб туради.

Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг таъсис йиғилишида Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги таклиф бир овоздан маъқулланди.

Шундан сўнг ташкилот Устави лойиҳаси кўпчилик овоз билан асос сифатида қабул қилинди ва кенгаш таркиби тасдиқланди.

Навбатдаги масала – Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти президентини сайлаш жараёнида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков номзодини Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти президентлигига таклиф этди. Очиқ овоз бериш йўли билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бир овоздан Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти президенти этиб сайланди.

Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев номзоди янги ташкилотнинг вице президентлигига бир овоздан маъқулланди.

Таъсис йиғилишида Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг бош котибини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин бу лавозимга муносиб деб топилди.

Йиғилиш иштирокчилари ташкилотнинг 5 кишидан иборат назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини ҳам сайладилар. Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ўморбек Арстанбеков ташкилотнинг назорат-тафтиш комиссияси раиси этиб сайланди.

Анжуманда янги тузилманинг меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш ишларини янада такомиллаштириш, мамлакатлараро касаба уюшмаларнинг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва асосий вазифаларни амалга оширишда тажриба алмашишлар, ютуқларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш борасидаги вазифалари ҳам белгилаб олинди

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган тадбирда Туркий давлатлар касаба уюшмалари ҳамкорлигининг барча жабҳаларда интеграциялашуви қардош халқлар манфаатларига мос келиши таъкидланди. Ўз навбатида бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами муҳофазаси, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш, ишловчилар маънавиятини ошириш, янгиланган таълим ғояларини илгари суриш, кадрлар малакасини ошириш, ихтисослашган ўқув муассасаларида касаба уюшмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби устувор вазифаларни бажаришда баҳамжиҳат ишлаш юзасидан келишиб олинди.

Йиғилиш иштирокчилари Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг биринчи Съездини жорий йил 29 ноябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказиш юзасидан келишиб олдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари