[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.05.2024. Термизлик Анвар Рўзиев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашига мурожаат қилиб, суд муҳокамаси пайтида қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўради. Унинг аризаси «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг 45-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилди.

Аниқланишича, Анвар Рўзиев 2017 йилда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармасида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2020 йил 5 мартда эса вилоят ҳокими қарорига асосан Транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган. Аммо орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтар-ўтмас, Президентнинг 2023 йил 14 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, Транспорт вазирлиги 2023 йил 18 августда Анвар Рўзиевни ўзаро тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирган. Ушбу муддат тугагач, у билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми, 2-бандига кўра 2023 йил 19 сентябрдан бошлаб бекор қилган. Шундан сўнг А.Рўзиев меҳнат низоси юзасидан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.

Муҳокама жараёнида аниқланишича, иш берувчи – Транспорт вазирлиги А.Рўзиев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор хатоликларга йўл қўйган. Жумладан, меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин бўш турган лавозимларни таклиф этмаган, яъни вазирлик тизимида ҳамда ҳудудий бошқармаларда бўш иш ўринлари бўлса-да, иш билан таъминлаш чораларини кўрмасдан, Меҳнат кодексининг 144-моддаси талабларига риоя қилмаган.

Шунингдек, иш берувчи меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилишда бошланғич касаба уюшма қўмитаси розилигини олмасдан, қонун талабини қўпол равишда бузган.

Узоқ тортишувлардан сўнг, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда камчиликларга йўл қўйилганини тан олди ва тарафлар келишувига эришилди. Шу тариқа Транспорт вазирлиги ҳузуридаги транспорт назорати инспекциясининг 2024 йил 23 январдаги тегишли буйруғига асосан, Анвар Рўзиев автомобиль ва сув транспортида назорат бошқармаси етакчи мутахассиси лавозимига ишга қабул қилинди.

Зариф Холов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори