Сарҳисоб
12.11.2014. Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсат йиғилишида жорий йил тўққиз ойида амалга оширилган ишлар якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокама этилди. Кун тартибидаги масала юзасидан бирлашма кенгаши раиси Фарҳод Хидировнинг маърузаси тингланди.
Ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган ҳамкорлик вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш омили бўлаётир. Ўтган даврда жамоа келишув ва шартномалари орқали 1361 нафар меҳнаткашга, 71 та ёш оила вакилларига 1 млрд. 165 млн. 842 минг сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Ҳудудда кичик корхоналар, микрофирмалар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, касаначиликни тараққий эттириш орқали 74082 та янги иш ўрни яратилди. Жамоат ташкилоти томонидан яратилган иш ўринларининг ҳаққонийлиги муттасил мониторинг қилиб борилаётир. Вилоят ҳудудида 91 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
— Аҳолини иш билан таъминлаш ижтимоий муҳофаза кафолатидир, — деди Ф.Хидиров. — Йил бошида касаба уюшмалари маблағи эвазига 25 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган эди. Айни чоғда 19 та иш ўрни яратилди. Йил охиригача яна 16 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳисобот даврида 182 та жамоа шартномасига қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилишига эришилди. Бундай афзалликлар, аввало, жамоаларда фаолият юритаётган ёшлар ва хотин-қизлар манфаатига йўналтирилди. Шу чоққача 68 та корхонада меҳнат қилаётган 71 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланадиган товарлар, уй-жой қуриш учун фоизсиз ссудалар ажратилишига эришилди. Эҳтиёжманд 107 оиланинг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли фарзандлари учун тўлов-шартнома пулларининг бир қисми иш берувчилар маблағи ҳисобидан қопланди. Амалиётга чиққан ёхуд ўқишни тамомлаб муқим иш жойига эга бўлган иқтидорли, камхарж ва боқувчисини йўқотган коллеж ўқувчиларидан 2810 нафарига касаба уюшмалари томонидан бир марталик моддий кўмак берилди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури асосида «Миллат келажаги оналар қўлида», «Аёлни қадрлаш — миллатни қадрлаш», «Аёл — оила қўрғонининг ҳам чароғи, ҳам чароғбони» номли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Ўтган вақт мобайнида, меҳнаткашларнинг 112 та ёзма, 82 та оғзаки мурожаатлари қонун доирасида ҳал этилди. «Ишонч телефонлари» орқали 84 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, шароити ноқулай, зарарли иш жойларини баҳолаш ва иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш диққат марказида бўлиб келмоқда. 3019 та бошланғич ташкилотда уч босқичли маъмурий-жамоат назорати ташкил этилган. Корхона ва ташкилотларда сайлаб қўйилган 6710 нафар меҳнат муҳофазаси вакилларининг 5366 нафари ўқитилди. Ўтган тўққиз ойда касаба уюшма маблағи ҳисобидан 1317 нафар, ижтимоий суғурта маблағи ҳисобидан 1038 нафар ходим дам олдирилди. 54 нафар ишловчи бепул соғломлаштирилди.
Туризмни ривожлантириш орқали касаба уюшма аъзоларига мамлакатимиздаги тарихий қадамжо ва шаҳарларни томоша қилиш имкони яратилмоқда. Ўтган даврда 12850 нафардан зиёд ходимлар Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон, Марғилон, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларга саёҳатга боришди.
Йиғилишда соғломлаштириш мавсуми якуни, касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган акция ва танловлар натижалари, нодавлат сектор корхоналарини касаба уюшмаларига жалб этиш борасидаги ишлар ҳам батафсил таҳлил этилди.
Кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.