Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Шоҳимардонда оромгоҳ очилди

22.06.2022. Анклав ҳудудда жойлашган Шоҳимардон қишлоғида «Шоҳимардон» номли болалар оромгоҳнинг очилиши маҳаллий аҳоли учун қувончли воқеа бўлди.

Аввалги номи “Ипакчи” бўлган мазкур болалар оромгоҳи 1998 йилгача ишлаб, кейин буткул ёпилган эди. Орадан 24 йил вақт ўтиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг хайрли ташаббуси билан ушбу оромгоҳ шоҳимардонлик ўғил-қизлар учун ўз эшикларини қайта очди.

Тўрт томони тоғ билан ўралган сўлим оромгоҳда болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган.

— Оромгоҳда болаларнинг ҳар бир кунини ўзига хос, кўнгилли ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Элнора Бакирова. — Жорий мавсумда 3 навбатда фаолият юритиши режалаштирилган оромгоҳда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғи ва туманимизнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлари мароқли дам олиб саломатлигини мустаҳкамлайди. Бугун уларнинг 80 нафари оромгоҳга қабул қилиб олинди.

— 24 йил давомида фаолият юритмаган оромгоҳни қайтадан фаолият юритиши учун, аввало, катта меҳнат қилинди. Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мавжуд бинолар тўлиқ таъмирдан чиқарилди, — дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Шохидахон Каримова. — Шунингдек, ўғил-қизлар ўзлари қизиққан тўгаракларга қатнашиб, билимларини мустаҳкамлаши ва спорт билан шуғулланишлари мумкин. Қолаверса, оромгоҳда озодаликдан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Аҳамиятли томони оромгоҳга соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари билан бирга, ҳудуддаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари дам олдирилади. Шу сабабли ҳам барча йўлланмалар бепул.

— Шоҳимардон қишлоғида болалар оромгоҳининг очилиши қувончли воқеа бўлди, — дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илхомжон Тошпўлатов. — Бу хайрли иш бутун шоҳимардонликларни қалбига қувонч олиб кирди. Чунки, улар бу кунни орзиқиб кутишган эди. Албатта, оромгоҳнинг иш бошлашида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг ҳиссаси катта бўлди. Уларнинг шарофати билан бугун 80 нафар болажонлар оромгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқариш бахтига муяссар бўлмоқдалар.

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг саъй-ҳаракати билан шоҳимардонлик ўғил-қизлар ёзги таътилни мана шундай кўркам гўшада мароқли ўтказишадиган бўлди, — дейди Фарғона туман Кенгаши депутати Рустамжон Каримов. — Оромгоҳ очилганидан болажонларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз.

— Оромгоҳ очилишини эшитиб, неварамни олиб келдим, — дейди Хадичахон Оҳунова. — Ётоқхона ва ошхонада яратилган шароитлар билан танишдим. Шароитлар аъло даражада. Қишлоғимизда мана шундай кўркам оромгоҳнинг бунёд этилиши биз шоҳимардонликлар учун катта совға бўлди.

— Болаларнинг соғлиғи биз учун муҳим ҳисобланади, — дейди оромгоҳ шифокори Дилором Тошпўлатова. — Шунинг учун уларнинг саломатлигини кун давомида назорат қилиб борамиз. Бу ерда болалар кунига тўрт маҳал тўйимли ва витаминларга бой озиқ-овқатлар билан овқатлантирилади. Тайёрланаётган таомларнинг сифатига эса жиддий эътибор қаратамиз. Тиббиёт хонамиз эса етарлича дори-дармонлар билан таъминланган.

— Оромгоҳга боришни орзу қилиб юрардим. Қишлоғимизда мана шундай чиройли оромгоҳ очилганидан хурсандман, — дейди Дилором Мирзакамолова. — Бу ерда шароитлар менга ёқди. Дўстларим билан бирга рақс, мусиқа, рус тили тўгарагига қатнашмоқчиман.

Шу куни болажонларга туҳфа тариқасида Фарғона вилояти стоматологияси поликлиникаси томонидан болажонларга гигеник воситалар ва тиш ювиш пасталари совға қилинди.

Жамшид Эргашев

Click to listen highlighted text!