Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Таҳлиллар фаоликка ундайди

16.08.2024. Қарши шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилоят кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.

Унда вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев Федерациянинг VIII Қурултойи ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг VIII конференцияси қарорларининг бажарилиши юзасидан маъруза қилди.

Таъкидландики, вилоятдаги касаба уюшма ташкилотлари ўз сафида 513 минг нафардан зиёд аъзони бирлаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиб келаётир.

Вилоятда ўтган йили жамоа шартномалари орқали бир кишига сарфланган ўртача маблағ 6 миллион 262 минг сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткичнинг 6 миллион 800 минг сўмга етиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг олти ойи мобайнида вилоят кенгаши мутахассислари ва жойлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакиллар томонидан 5621 та қоидабузарлик аниқланиб, 5574 та камчилик бартараф этилди.

Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш бўйича тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этишда ўсишлар кўзга ташланди. Яъни, бу борадаги режа 147,2 фоизга бажарилди. 2024 йилнинг ўтган даврида 970 дона санаторий йўлланмаси тарқатилиб, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари сўлим сиҳатгоҳларда соғломлаштирилди.

Нотиқ шунингдек, бошланғич ташкилотларда ходимлар иш ҳақини ўз вақтида бериш, муддати ўтган қарздорликка йўл қўймаслик ҳолатлари ҳақида ҳам танқидий-таҳлилий хулосаларини тақдим қилди.

Мажлис давомида музокара учун сўзга чиққан Деҳқонобод калий заводи касаба уюшма қўмитаси раиси Норсаид Кўчкинов, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Касби туман кенгаши раиси Ботир Исломов, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Китоб туман кенгаши раиси Баҳриддин Эгамбердиев, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раиси Роҳила Ишалиева ва бошқалар бошланғичларда жамоа шартномаларининг таъсирчанлиги ошаётгани, нодавлат сектори корхоналарининг аъзоликка жалб этишдаги тарғибот тадбирлари, шунингдек, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросида касаба уюшма фаоллари томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назорат ишлари хусусида тўхталиб ўтишди.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан сўнг вилоят кенгаши мажлисининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят Кенгашининг Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими