Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Ta’lim zonasi” телеграм каналида “Ўқитувчилар профсоюздан жудаям норози” номли пости юзасидан Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Муносабати

02.12.2022. “Ta’lim zonasi” телеграм каналида “Ўқитувчилар профсоюздан жудаям норози” номли постида педагоглар касаба уюшмасидан хеч қандай ёрдам олмаётганликлари ёзилган (https://t.me/talimzonasi/74).

Аммо муаллиф бундай ҳолатлар қайси ҳудуддаги қайси мактабда рўй бераётганини кўрсатмаган, балки “санаторийга йўлланма ҳам бермас экан”, “2 метр адрас бериш билан чекланар экан” каби “экан”лару миш-мишлардан нарига ўтмаган. Шу тариқа постда берилган маълумотлар асосланмаган. Мазкур пост орқали иғвою ғийбат шаклидаги миш-мишлар билан касаба уюшма ташкилотларини обрўсизлантиришга ҳаракатлар яққол кўриниб турибти. Акс ҳолда қайси мактабдаги касаба уюшмаси қандай хато ва камчиликларга йўл қўяётгани аниқ кўрсатилган бўларди. Ва шундагина муаммо бартараф этилишигга амалий ёрдам кўрсатилган бўларди.

Шу ўринда соҳа ходимлари аъзо бўлган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан педагогларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан айримларини келтириб ўтамиз.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан тузилган Тармоқ келишувлари ҳамда тизимдаги барча ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, уларнинг меҳнат ва дам олиши, соғломлаштирилиши, меҳнат муносабатларини янада тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган меҳнат меъёрлари киритилган. Улар ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан:

  1. Халқ таълими ходимларига узайтирилган меҳнат таътиллари бериб келинмоқда.
  2. 2021 йилда Халқ таълими вазири томонидан мактаблардаги “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг дарс соатлари “спорт зали йўқ” деган баҳона билан қисқартириб юборилгач, (бу ҳолат ушбу ўқитувчиларнинг ойлик маоши камайишига олиб келган) Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Халқ таълими вазирининг дарс соатларини қисқартириш ҳақидаги буйруқларини ноқонуний деб топиб, уларни бекор қилиш ҳақида вазирга тақдимнома киритган. Бунинг натижасида Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 13 мингдан зиёд “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг ҳуқуқлари тикланиб, иш ҳақлари ўз жойига келтирилди.
  3. 2021 йил якуни бўйича жамоа шартномаси тадбирлари бажарилиши учун ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошидан ташқари сарфланган маблағ 3 миллион 194 минг сўмни ташкил этди.

2021 йил давомида:

  • 1906 нафар соҳа ходимларининг ҳуқуқлари тикланган;
  • педагог ходимларни турли байрамлар муносабати билан рағбатлантириш, тақдирлаш, қадимий шаҳарларга саёҳатга олиб чиқиш ишларига 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган;
  • соҳа ходимларининг соғлиғини тиклаш мақсадида қарийб 23 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган;
  • Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соҳа ходимлари, уларнинг яқин қариндошларидан 13 минг 300 нафари имтиёзли равишда, 5 минг 598 нафари бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилган. Ушбу мақсадларга жами 47 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланган;
  • бундан ташқари, бугунги кунда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга оид Конвенциялари бажарилиши бўйича жамоатчилик мониторингини ўтказиб келмоқда. Бу ҳам ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси йўлидаги катта қадам бўлиб, турли қонунбузилишларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
  • йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали:

– тармоқ ташкилотларида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оналарнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатлари қисман қоплаб берилди;

– кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1465 нафар ходимга 586 миллион сўм маблағ сарфланди;

– олий ўқув юртларида таълим олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларини қисман тўлаб бериш ишлари амалга оширилди;

– икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди;

– пенсия ёшидаги ходимларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, юбилей саналари муносабати билан тақдирлаш, ишламайдиган пенсионерлар (ташкилотнинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди;

– соҳа ходимларининг поймол этилган ҳуқуқлари ҳимояланиб, иш берувчиларга 22 та тақдимнома киритилди ва қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилди;

– соҳа ходимлардан келган жами 24 минг 531 та мурожаат, шундан 20 минг 44 та ёзма, 4 минг 407 та оғзаки, 43 та интернет, 37 та “ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, 21 минг 102 та муроаат қаноатлантирилди;

  • Андижон шаҳар ХТБга қарашли 35-давлат ихтисослаштирилган мактабидаги 130 нафар педагог ва ходимларнинг ўз вақтида берилмаган 205 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилди;
  • 7500 дан ортиқ касаба уюшма аъзоси санаторийларда имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилиб, ушбу мақсаларга 26 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди;
  • 2731 нафар соҳа ходимлари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилиб, ушбу мақсадларга 9 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди;

Меҳнат муҳофазаси йўналишида:

2021-2022 йиллар давомида ташкилот ва муассасаларда ходимлар билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари бўйича  ундирилиши лозим бўлган зарар тўловлари юзасидан касаба уюшмалари аралашуви билан суғурта компанияларидан 58 миллион 806 минг 90 сўм, иш берувчи ҳисобидан 5 миллион 500 минг сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Шу ўринда юқорида номи келтирилган пост юзасидан шуни билдирамизки, бугунги кунда ўқитувчиларга жуда катта эътибор берилаётган ва улар ҳар жихатдан қўллаб-қувватланаётган бир пайтда уларнинг касаба уюшмаси эътиборидан четда қолиши мумкин эмас.

Агар ҳақиқатдан ҳам шундай ҳолат юзага келаётган бўлса, ўқитувчилар ўзлари ишлаётган мактаб касаба уюшмаси қўмитаси раисига мурожаат қилишлари керак. Рад жавоби берилган ҳолатларда зудлик билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг (71) 256-70-32 Ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаймизки, худудлардаги таълим муассасаларининг касаба уюшма қўмиталари раислари бевосита ўқитувчилар томонидан педагог бўлиб ишлаётган ходимлар ичидан сайланади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Click to listen highlighted text!