Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Тарғиботда гап кўп

03.07.2023. Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят бирлашган қўмитаси раиси Муқаддасхон Абдуллаевани шижоатига қойил қолмай иложи йўқ. Доим тармоқ аъзолари манфаати йўлида елиб-югуради. Ҳар бир кунини режали олиб боради. Бирор юмуш билан хонасига кирсангиз ҳам, аъзоларнинг мурожаатларини тинглаётган ёки уларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан банд эканини устидан чиқасиз.

Муқаддас опанинг бугунги иш режаси туманларга чиқиб, касаба уюшма хизмати ташкил этилмаган корхоналарда тарғибот ишларини олиб бориш, аъзолик афзалликларини тушунтириш ва у ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни касаба уюшмасига жалб қилишдан иборат экан.

Бу гал қўмита раисига тарғибот ишларида кўмаклашиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳсултон Тўхтаматов ҳамроҳлик қилди.

— Бугун Данғара туманига борамиз. Бу ерда нодавлат секторда фаолият олиб бораётган корхоналар талайгина. Афсуски, уларнинг кўпида касаба уюшмаси тузилмаган. Биз бу ерда меҳнат қилаётган ишчиларга касаба уюшмага аъзоликнинг афзалликларини тушунтириш орқали, уларни ўз сафимизга қўшмоқчимиз. Тарғибот эса энг самарали йўлдир, — дейди тармоқ раиси Муқаддасхон Абдуллаева.

Дастлабки манзил тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Ayubxon textil” МЧЖ бўлди. Айни пайтда мазкур тикувчилик корхонасида 21 нафар ишчи меҳнат қилиб келмоқда. Бу ерда тикилаётган кўйлаклар ички бозордан ташқари, қўшни республикаларга ҳам сотилмоқда.

Аввало, корхонада касаба уюшма қўмитасини тузиш бўйича жамият раҳбари Дилшодахон Усмонова билан суҳбатлашилди. Дилшодахон опа бугунги замонавий тадбиркор аёллардан. Кўплаб танловларнинг ғолиби ҳамдир. Суҳбат давомида тадбиркор опа ўзи раҳбарлик қилаётган корхонада бошланғич касаба уюшма қўмитаси тузилишидан манфаатдор экани, бу иш берувчига ҳам, ишчиларга ҳам бирдек муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Корхона ишчи-ходимларга касаба уюшмага аъзолик афзалликлари тушунтирилди. Тарғибот ишлари натижасида, корхонада бошланғич касаба уюшма қўмитаси тузилиб, 21 нафар ходим касаба уюшма ҳимоясига олинди. Жамиятнинг жонкуяр ишчиси Абдурасул Абдуқодиров эса касабақўм этиб тайинланди.

Тарғибот ишларининг навбатдаги манзили пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Little Xusniddin shose” МЧЖ бўлди. Корхонада касаба уюшма қўмитасини тузиш ва аъзолик афзалликлари тушунтирилди.

Қўқон шаҳрида жойлашган “Мулоқот” телеканалида олиб борилган тарғибот ишлари орқали ходимлар касаба уюшма тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Уларга аъзолик афзалликлари аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди. Яъни, касаба уюшма аъзоси биринчи навбатда касаба уюшма ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқлари бузилганда касаба уюшма уни ҳимоя қилиши, сўлим сиҳатгоҳларда саломатлигини тиклаши, республикамиз бўйлаб диққатга сазовор масканларга саёҳатларга бориши, танловларда иштирок этиши ва бошқа кўплаб имтиёзлари борлиги маълумот тарқисига етказилди.

Шунингдек, кун давомида Хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш маркази, Учкўприк тумани деҳқон бозори МЧЖ ва «Тараққиёт» ННТлари ишчи-ходимлари касаба уюшмасига аъзоликка олиниб, ушбу ташкилотларда бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти йўлга қўйилди.

— Умуман олганда, бугунги тарғибот ишимиз анча самарали бўлди, — дейди тармоқ раиси Муқаддасхон Абдуллаева. — Тикувчилик корхонасида меҳнат қилаётган ишчилар сафимизга қўшилиб, касаба уюшма ҳимоясига олинди. Қолган нодавлат секторларда ҳам музокара ишлари давом этмоқда. Келгусида, уларни ҳам ўз сафимизга қўшиб олишни режалаштирганмиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши