Тиббий кўрик харажатлари ундириб берилди
13.03.2023. Тиббий кўрик учун ходим чиқимдор бўлмаслиги Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳамон дилни хира торттирувчи ҳолатлар учраб турибди. Айнан шундай кўнгилсизлик Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида кузатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 29 апрелдаги «Тиббиёт ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 127-сонли буйруғи талабларининг ижроси ўрганилди. Шу жараёнда муассасада ишловчи 276 нафар тиббиёт ходими тиббий кўрик учун чиқимдор қилиниб, буйруқ талаблари бажарилмаганлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан филиал директори номига кўрсатма хати киритилди. Натижада филиалнинг 2022 йил 2 декабрдаги тўлов қайдномаларига асосан 276 нафар ходимга тиббий кўрик харажатлари учун 6 млн. 900 минг сўм миқдоридаги ҳақлари ундириб берилди.
Равшанжон Фозилов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори