Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Улар бизнинг фахримиз

28.05.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ғолиб спортчилар ва мураббийлар муваффақияти яна бир бор эътироф этилди.

Барчамизга маълумки, шу йилнинг 23-30 апрель кунлари Самарқанд ва Тошкент шаҳрида 18 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасида Осиё ва Океания чемпионати ўтказилган эди. 10 та давлат спортчилари қатнашган U-18 Осиё ва Океания кубогида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли «Муз устида хоккей» бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спортчилари фахрли 1-ўринни эгаллаб, чемпионликни қўлга киритишган эди.

Шунингдек, жорий йилнинг 12-15 май кунлари Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари миллий марказлари жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича III халқаро турн ир ўтказилганди. Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгашининг V мажлиси тадбирлари доирасида ташкил этилган мазкур баҳсларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мини-футбол жамоаси вакиллари ғолибликни қўлга киритганди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида айни шу мусобақаларда совриндор бўлган касаба уюшмалари спортчилари ва уларнинг мураббийларига эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг ютуқ ва муваффақиятлари яна бир бор эътироф этилиб, спортчилар ва мураббийларнинг ҳар бири 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

– Тадбирда иштирок этган барча спортчилар номидан бизга муносиб шароит яратиб келаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз, – деди мураббий Абдумажид Носиров.

Феруза Раҳимова