Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакиллари – касаба уюшмалари эъзозида

07.05.2021. Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш йўналишидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, байрам муносабати билан Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари томонидан  ҳар бир ҳудуддан 40 нафардан, жами 560 нафар уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларининг, кекса авлод вакилларининг ҳамда ишлаётган пенсионерларнинг маҳаллий зиёратгоҳларга, республикамизнинг тарихий шаҳарларига ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлари ташкил этилмоқда. Ана шундай савобли ишлардан бири Федерациянинг Навоий вилояти Кенгаши томонидан амалга оширилиб, меҳнат фахрийлари ва байналминалчи жангчилар, фронт ортида хизмат қилган фахрийлардан 40 нафари Бухоро вилоятидаги «Етти пир» зиёратгоҳига саёҳатга олиб борилди. Шунингдек, саёҳатчиларга «Она нидоси» номли театр намойиши ҳам ташкил этилди.

Корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бунда уларга меҳнат жамоаларидаги “Фахрийлар кенгашлари” ҳам амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, касаба уюшмалари томонидан “Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати”, “Саховат” уйларида яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар учун маданий тадбирлар ташкил этиш ишлари ҳар йилги анъанага айланиб қолган. Бу йил ҳам Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар Кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда яқинлашиб келаётган “Ийд Рамазон хайити” байрами муносабати билан Наманган шаҳридаги “Саховат” уйида истиқомат қилаётган отахон ва онахонлар холидан хабар олинди. Улар учун Ўзбекистон давлат филармониясининг Наманган вилоят филиали хонанда ва созандалари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилиб, совға-саломлар ҳадя этилди.

Шу билан бирга таълим тизимида кўп йиллар меҳнат қилган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган 10 нафар меҳнат фахрийси ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилалари холидан хабар олиниб, муносиб рағбатлантирилди. Байрам муносабати билан Наманган шаҳридаги 30-сонли умумтаълим мактабида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида «Бу  буюк  Ватанда  инсон  улуғ,  хотира  муқаддас» номли маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Байрам дастурлари доирасида касаба уюшмалари фаоллари Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилаларига ташриф буюриб,  уларга ва оила аъзоларига мақсадли моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоятдаги вакиллари ҳамкорлигида уруш ва меҳнат фахрийлари хонадонларига борилиб, улар ҳолидан хабар олинди, совғалар топширилиб, кўнгиллари кўтарилди. Жумладан, касаба уюшма мутасаддилари Нарпай туманидаги Бахт маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1918 йилда туғилган уруш қатнашчиси Норбек ота Мардоновнинг хонадонида бўлиб, отахонни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан самимий қутладилар ва байрам совғаларини топширдилар. Отахон ёшларга ҳаёт йўллари, уруш хотиралари, фронтдош дўстлари тўғрисида ибратли ҳикояларни сўзлаб бериш баробарида юртимиз тинчлиги абадий бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

Иштихон туманидаги Шехларкент МФЙ, Картепа қишлоғида яшовчи 1926 йилда туғилган уруш қатнашчиси Бердирасул Аминовнинг холидан хабар олиш учун ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари мазкур хонадонда ҳам дилкаш суҳбатнинг иштирокчилари бўлдилар. Отахон Президентимиз ҳақларига дуо қилиб, мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаёт учун шукроналар келтирдилар.

Ургут туманидаги Сатанг МФЙ, Сатанг қишлоғида яшовчи 1925 йилда туғилган уруш қатнашчиси Бўрон ота Гадаев хонадонидаги учрашув ҳам жуда қизғин кечди. Бўрон ота уруш йилларидаги хотиралари, мазмунли ҳаёт йўллари тўғрисидаги фотосуратларни варақлаб, ёшлар учун ибрат бўларли хотираларини сўзлаб бердилар.

Бундан ташқари таълим тизимида кўп йиллар ишлаб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонларнинг ҳам хонадонларига ташриф буюрилиб, ҳолларидан хабар олинди. Уларга Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Ташаккурномалари, совға-саломлар топширилди.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида фронт ортида меҳнат қилиб, хозирда Сирдарё туманининг Истиқбол махалласида умргузаронлик қилаётган 90 ёшли Тилав бобо Юсуфалиевнинг хонадонига ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари ва ёшлар фахрий отахоннинг уруш йилларидаги қийинчиликлар, ўша даврларда одамларнинг тинмай меҳнат қилгани, ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси тўғрисидаги хикояларини тингладилар. Тилав бобога касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бошқармаси бирлашган касаба уюшмаси томонидан ҳам 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари холидан хабар олиниб, мазмунли суҳбатлар қурилди.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилояти,  Ўзбекистон туман кенгаши мутасаддилари туман Мактабгача таълим бўлими билан ҳамкорликда 9 Май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан тумандаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан А.Абдуллаев, А.Қодиров ва У.Раҳимовлар хонадонида бўлиб, уруш фахрийларини байрам билан муборакбод этдилар.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб кетган меҳнат фахрийларини йўқлаб, хонадонларига бориш баробарида улар меҳнат жамоаларидаги тадбирларга таклиф этилиб, ёш ишчи-ходимлар билан учрашувлари ҳам ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Пойтахтимиздаги шинам “Баҳор” ресторанида тизимда кўп йиллар меҳнат қилган 100 нафар фахрийлар учун ифторлик дастурхони ёзилиб, фахрий энергетиклар ҳамда нефт-газ соҳаси фидоийларига байрам совғалари топширилди.

«Ўзметкомбинат» АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эса 9 май Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб «Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч» шиори остида «Авлодлар учрашуви» номли маърифий тадбир ўтказилди. “Металлурглар” маданият саройида ташкил этилган тадбирда комбинатда кўп йиллардавомида ишлаган меҳнат фахрийлари, нуронийлар, комбинатнинг илғор металлурглари ва ёш мутахассислари иштирок этдилар. Учрашувга таклиф этилган меҳнат фахрийларидан Раббим Нуржаев, Мамасодиқ Жамолиддинов, Илҳом Қурбоновлар йиғилганларга ўзларининг ҳаёт йўллари, меҳнат фаолиятлари тўғрисида ҳикоя қилиб бердилар. Комбинат касаба уюшма қўмитаси раиси Аҳмаджон Узоқов, «Дўстлик» ордени соҳибаси, механика-таъмирлаш цехи кран машинисти Лола Ҳамраева, ёш металлурглардан Мафтуна Раҳматжонова, Иброҳим Абдурасуловлар улар каби ҳалол меҳнат қилиб, ўз касблари ортидан элга танилиш истаги комбинат ёшларининг асосий мақсади эканлигини, меҳнат фахрийларининг ўгит ва мсалаҳатлари улар фаолиятида муҳим ўрин тутишини билдириб, устозларини байрам билан қутладилар. “Авлодлар учрашуви” тадбири давомида маданият саройининг бадиий хаваскорлик жамоалари томонидан мусиқий дастур намойиш этилиб, барчага хуш кайфият улашилди. Учрашувга таклиф этилган меҳмонларга байрам муносабати билан касаба уюшма қўмитасининг совғалари тақдим этилди.

Ҳудудлардаги касаба уюшма ташкилотлари, бошланғич касаба уюшмалари корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб, ҳозирда пенсияда бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига, жангчи-фахрийлар – байналмилалчиларга ҳам байрам совғалари топширилмоқда. Шунингдек, меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар, ёшлар ўртасида Хотира турнирлари ҳам ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Федерациянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди. Касаба уюшма фахрийси Бўри Алламуродов хотирасига багишланган шахмат бўйича хотира турнирида кексаю ёш иштирок этди. Турнир ғолиблари муносиб такдирланди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари, ногиронлиги бор кексалар ва фахрийларнинг сифатли соғломлаштирилиши учун барча зарур шароитлар яратилиб, уларни соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Санаторийларда фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этилиб, кўнгиллари кўтарилмоқда.

Булардан ташқари меҳнат жамоаларида уруш қатнашчилари, меҳнат фронти ҳамда меҳнат фахрийлари иштирокида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” мавзуларида маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилмоқда.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!