Устозлар – Касаба уюшмалари эъзозида
11.09.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда улар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида қатор ижтимоий акция ва лойиҳалар ўтказиш анъанага айланган. Юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг 33 йиллик тантаналари кенг нишонланаётган кунларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Устозлар – Касаба уюшмалари эъзозида” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилди.
Мазкур ижтимоий лойиҳа мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, ўғил-қизларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги эзгу ишларга кўп йиллик самарали меҳнати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган таълим фидоийларини қамраб олди.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлаш мақсадига қаратилгани натижасида бугун инсон қадри чин маънода улуғланмоқда. Мазкур жараёнда таълим тизимида меҳнат қилаётган масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, жамиятда улар нуфузи оширилмоқда ва юксак ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Устозлар касаба уюшмалари эъзозида” ижтимоий лойиҳаси ҳам мана шундай олий мақом эгалари бўлган устозлар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилди. Лойиҳа доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган бир гуруҳ педагог ходимлар Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Чинобод плаза” санаторийсида бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда.
Мазкур сиҳатгоҳда тантанали равишда кутиб олинган устозлар ўзларига кўрсатилаётган юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрликлардан қўнгиллари тоғ қадар юксалиб, Янги Ўзбекистон келажаги бўлган баркамол авлодни тарбиялашдек шарафли ва масъулиятли ишларда янги марра ва ютуқлар сари руҳландилар.
Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи ва инновацион технологиялар асосида барпо этилган, энг сўнгги русумдаги тиббий ташҳислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминланган “Чинобод плаза” санаторийсида педагог ходимларнинг самарали даволанишлари ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бара зарур шарт-шароитлар яратилди. Меҳмонхона классидаги бальнеологик санаторийда устозлар аввало энг замонавий диагностика ускуналари орқали сифатли ва тўғри ташхислаш жараёнларидан ўтказилди. Махсус тайёргарликдан ўтган юқори малакали мутахассислар гастрофиброскопия, колпоскопия, УТТ, зарб-тўлқинли даволаш, озонотерапия, умуртқани тортиш, юқори ва паст частотали физиотерапевтик асбоб-ускуналар, парафин-озокерит воситалари ёрдамида муолажаларни амалга оширмоқдалар.
Ушбу масканда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилмоқда. Асосий тиббий даволаш омиллари сифатида Тошкент артезиан ер ости сувлари ҳавзасидан чиқадиган термал, кам маъданли, хлорид-сульфатли-натрий-гидрокарбонатли (+510) Бюветнинг шифобахш сувлари билан даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Шунингдек, маъданли сувдан ванна, милкни чайиш, ичак ва ошқозонни ювиш учун ҳамда дуоденал ва даво ичимлиги сифатида фойдаланилмоқда. Бальнеология бўлимида турли хилдаги шифобахш ванналар, хусусан, минерал, хвояли-дурли, лавандали, шунингдек, шарко, виши, циркуляр, тепаловчи ва сув ости душ-массажлари мавжуд. Бундан ташқари, парафин-озокерит, физиологик воситалар билан даволаш усуллари, массаж, даволовчи бадантарбия муолажалари қўлланилмоқда.
“Chinobod Plaza” санаторийсининг юксак дид билан жиҳозланган “Стандарт” ва “Люкс” тоифадаги хоналарида меҳмонларнинг мириқиб дам олишлари учун барча қулайликлар муҳайё. Мазмунли дам олиш учун конференц зал, 5D кинотеатри, кутубхона, спорт майдончаси ва ёпиқ бассейн, турк ҳаммоми, фин саунаси, қишки боғ, терренкурлар мавжуд.
Шинам ва дид билан безатилган овқатланиш залида меҳмонлар учун профессионал пазандалар томонидан тайёрланган парҳез таомлардан иборат “швед столи” ташкиллаштирилган. Турли хил салатлар, яхна, гўштли, балиқли, ёрмали рациондаги миллий ва Европа таомлари, мевали десертлар, витаминли ичимликлардан иборат овқатлар комплекси махсус ва парҳезли даволаш усулларидан бири ҳисобланади.
Санаторийда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти иштирокида ташкил этилган Давра суҳбатида педагог ходимлар соҳани янада ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Хусусан улар Президентимиз ташаббуслари билан устозларга бўлган эътиборнинг тубдан ўзгаргани таълим даргоҳларидаги муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганини, ўқитувчиларнинг ишга, ҳаётга муносабати ўзгаргани, касбий ижодий салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидладилар.
Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилган янгиланиш ва ислоҳотлар натижасида умумтаълим фанлари бўйича тегишли даража ва сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ойда қўшимча равишда 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланиши билан бирга ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитлари берилиши, энг олис ҳудудлардаги мактабларда ишлаётган фидоий, жонкуяр ўқитувчиларнинг ойлик маошига кушимча 100 фоизлик устама ҳақ тўлаш тартиби жорий килингани ҳам устоз ва мураббийларни чин маънода қувонтирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан устоз ва мураббийларни соғломлаштириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши билан бирга, уларнинг даволанишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда кейинги йилларда барпо этилган маданият ва маърифат масканлари, ҳорижникидан қолишмайдиган кўнгилочар боғлар, йирик иншоотлар ва турар-жой мажмуаларига саёҳатлар ҳам уюштирилди.
Ана шундай саёҳатларнинг дастлабки объекти пойтахтимиздаги ““Magic City” кўнгилочар боғи ва “Magic aquarium” бўлди. Саёҳат давомида “Чинобод плаза” санаторийсида дам олаётган устоз ва мураббийлар мазкур кўнгилочар масканларни кўтаринки кайфият билан айланиб чиқдилар.
Саёҳатчиларнинг навбатдаги манзили пойтахтимиз марказида янги барпо этилган “Tashkent City Park” шаҳар боғи ва “Tashkent City Mall” савдо маркази бўлди. Тошкент сити халқаро бизнес марказида жойлашган Ўзбекистондаги энг катта мазкур истирохат боғи дам олувчилар кўнглини кўтариб юборди. Турли ёрқин рангларда товланувчи чироқлар, музей бўйлаб саёҳат, мусиқали фаввора дастурларини томоша килиш ва савдо маркази билан танишувлар дам олувчиларга кўтаринки кайфият бахш этди.
Шундан сўнг педагог устозлар “Янги Ўзбекистон боғи” мажмуи билан танишиб, катта таассуротларга эга бўлдилар. Кечки Тошкент дам олувчиларни ўзига янада мафтун этди. Бундан руҳланиб, завқ олган устозлар, буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш фарвонлигини ошириш йўналишларида амалга ошираётган улкан саъй-ҳаракатларининг натижалари эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Саёҳат якунида барча педагог ходимларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Менинг Президентим” китоби ва эсдалик совғалари топширилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари