Устуворлик касб этган масала
06.03.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Жами 1 400 нафардан ортиқ мутасаддилар ва масъул ходимлар иштирок этган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз ташаббуслари билан амалга татбиқ этилган ноёб тизим, яъни “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, олдинда турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
– Муҳтарам Президентимиз жорий йил 25 январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлашдир” дея таъкидлаб, барчамиз учун бош мезонни белгилаб бердилар, – деди жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков. – Бундан келиб чиққан ҳолда бу йил хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларини ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришимиз зарур.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, 2020 йилдан бери Президентимиз ташаббуслари билан хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга ошириб келинаётган тизимли ишлар натижасида 2020-2022 йиллар давомида “Аёллар дафтари” тизими доирасида кўплаб эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, “Аёллар дафтари” тизимининг:
1-босқичида 430 минг 275 нафар хотин-қизга;
2-босқичида 450 минг 870 нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
3-босқичда эса 641 минг 816 нафар хотин-қиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, муаммолари ҳал этилди.
Сирасини айтганда, “Аёллар дафтари”нинг аввалги 3 босқичи доирасида 1,5 млн.дан ортиқ хотин-қизга моддий ва маънавий, уй-жой билан таъминлаш, ҳуқуқий, тиббий, психологик каби йўналшларда амалий ёрдамлар кўрсатилиб, ушбу ишларга Президентимиз томонидан ажратилган 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу каби эзгу ишлар орқали эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ҳаётдан, Давлат ва ва Президентдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашилди.
Маълумки, Президентимиз томонидан Республика комиссиясига “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 4-босқичи доирасида манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар қамровини 1 млн нафарга етказиш вазифаси қўйилган эди. Мазкур йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш учун ҳар бир вилоят ва туман (шаҳар)га касаба уюшмаларидан масъуллар бириктирилиб, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари” тизимининг жорий йил 5 январдан бошланган 4-босқичи доирасида Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизлар муаммоларини ўрганилди ва ўтказилган очиқ мулоқот ҳамда суҳбатлар натижасида айни кунгача 4-босқичга киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилди.
Жумладан, 9 минг 397 та маҳалланинг ҳар бирида касаба уюшмалари, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда туман (шаҳар) ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар хонадонма-хонадон юриб, анкета-сўровномалар асосида 30 ва ундан катта ёшдаги 7,7 млндан ортиқ хотин-қизнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказди ва муаммоларини ўрганди. Ўтказилган мулоқотлар асосида “Аёллар дафтари”га киритиладиган 1 млн 680 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган “Индивидуал дастурлар” ва “Йўл хариталари” халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига киритилиб, сессияларда тасдиқланди.
Натижада “Аёллар дафтари”нинг 4-босқич рўйхатига қуйидаги 6 та тоифа бўйича хотин-қизлар киритилди:
1-тоифа, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар тоифасига 425 минг 760 нафар;
2-тоифа – тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 49 минг 622 нафар;
3-тоифа – боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 225 минг 532 нафар;
4-тоифа, яъни, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 202 минг 897 нафар;
5-тоифа – уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 9 минг 128 нафар;
6-тоифа, яъни, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 87 минг 741 нафар хотин-қиз киритилди.
Видеоселектор йиғилишида олдинда турган асосий вазифа – “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 4-босқичини юқори савияда ўтказиш ҳамда 4-босқичда “Аёллар дафтарига” киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга ўз вақтида амалий ёрдамларни кўрсатиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, дастлабки уч босқичда тўпланган тажрибадан самарали фойдаланган ҳолда 4-босқичда “Аёллар дафтари”га киритилган 425 минг 760 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, бунда хотин-қизларнинг доимий равишда даромад манбаига эга бўлишини таъминловчи манзилли режа ишлаб чиқиш, тасдиқланган “индивидуал дастурлар” асосида амалга оширилаётган ишлар ижроси бўйича таъсирчан назоратни амалга ошириш механизмини йўлга қўйиш йўналишларида мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 49 минг 622 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга кредит ажратиш ва уларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш, ушбу хотин-қизларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ҳамда кредит олгандан сўнг уларни оёққа тургунча қўллаб-қувватлаш борасида банклар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари 225 минг 532 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қиз, 202 минг 897 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қиз, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор 87 минг 741 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар ва уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар орасидан иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолатда бўлганларига тегишли миқдорда моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини манзилли равишда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Виоселектор йиғилишида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари 9 минг 128 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 1 минг 598 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 7 минг 530 нафарига эса ижара компенсациясини тўлаб бериш ишларини ташкил этишга масъул эканликлари таъкидланди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар мавжуд эканлиги, хусусан, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан тегишли маблағлар ажратиб берилгани алоҳида қайд этилди. Шу боис ҳам ҳеч қайси эҳтиёжманд аёл эътибордан четда қолмаслиги ва энг муҳими, хотин-қизларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш масаласи мутасаддиларнинг диққат марказида бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Республика комиссияси йиғилишида “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган 3 минг 876 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда 2 минг 241 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаш ишларини кечиктирмай амалга ошириш, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор 4 минг 160 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга томорқасидан унумли фойдаланиши учун ёрдам бериш борасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Фермерлар кенгашининг ҳудудлардаги бўлимлари раҳбарлари ва секторлар олдида турган масъулиятли вазифалар белгилаб берилди.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, “Аёллар дафтари” Низомида 21 турдаги хизматлар, хусусан, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамларнинг “дафтар”га киритилган барча хотин-қизларга кўрсатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бунинг учун барча эҳтиёжманд хотин-қизларга кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар ва ёрдамлар бўйича вазирлик ва идоралар тегишли йўналишларда аниқ режаларни белгилаб олишлари, ушбу режаларни ишлаб чиқишда эса хотин-қизларнинг “индивидуал дастурлари”да акс эттирилган масалалар тўлиқ бартараф этилиши назарда тутилиши зарур.
Эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларида ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, камчиликларни жойида бартараф этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ўз рўзғорини мустақил тебратадиган даражага етказиш, ҳар бир “индивидуал дастур”ни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, хотин-қизларга йил давомида бир нечта турдаги ёрдамлар кўрсатилишини қатъий тасдиқлаб қўйиш масалалари ҳам Республика комиссияси эътиборидан четда қолмади. Ушбу йўналишларда тегишли мутасаддилар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Касаба уюшмаларидан ҳудудларга бириктирилган масъуллар хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларини мувофиқлаштириб бориши, кўрсатилаётган ёрдамларнинг ҳаққонийлигини ўрганиши, ҳар бир “индивидуал дастур”ни ўрганиб, масъулиятсизлик ва камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чора кўриш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳокимларга тақдимномалар киритиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда “Аёллар дафтари” тизимини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда “Аёллар дафтари”нинг махсус платформасини такомиллаштириш ва бошқа ижтимоий электрон платформалар билан интеграция қилиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бунда асосий мақсад хизматларни рақамлаштириш ва бюрократияни камайтириш эканлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида миллионлаб хотин-қизлар ва уларнинг оилалари турмуш фаровонлигини оширишга, бу орқали улар ҳаётига ёруғлик ва розилик туйғусини олиб киришга йўналтирилган “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи бўйича белгилаб олинган вазифалар ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳудудлардаги секторлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари