Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Қувасой” оромгоҳига касаба уюшма кубоги топширилди

17.07.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан “Водий гавҳари” болалар оромгоҳида вилоятдаги болаларни ёзги дам олдириш оромгоҳлари ўртасида “Касаба уюшмалари кубоги” учун “Беш ташаббус – оромгоҳда” шиори остида кўрик-танлов ташкил этилди.

Мазкур танловда “Водий гавҳари”, “Хумо” ва “Қувасой” оромгоҳларида дам олаётган болажонлар ўртасида расм чизиш, рақс, театрлаштирилган саҳна кўриниши, компьютер саводхонлиги, ёш китобхон, ҳунармандчилик, стол тенниси, шашка, сузиш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

Ғолибликни қўлга киритиш учун болажонлар бор куч ва ғайрати, истеъдодларини намойиш этишди. Айниқса, сузиш, стол тенниси, шашка мусобақалари шиддатли ўтди. Болажонлар томонидан тайёрланган бир-биридан ажойиб саҳна кўринишлари эса барчанинг олқишига сазовор бўлди.

— Оромгоҳлар ўртасида ўтказилаётган ушбу танлов болажонларнинг вақтини мароқли ўтказиш билан бирга, истеъдодларини намойиш этиш учун ажойиб имконият бўлмоқда. Улар мазкур танлов орқали ўз иқтидорларини кўрсатиб, билим ва маҳоратларини амалда кўрсатишмоқда. Бу каби танловлар қолган оромгоҳларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган, — дейди департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Раҳимов.

— Мен бу танловда иштирок этиб, сузиш мусобақасида 1-ўринни эгалладим, — дейди “Хумо” оромгоҳи дам олувчиси Эдим Ғаниев. —  Мусобақа ғолиб бўлганимдан хурсандман. Касаба уюшмалари томонидан берилган 1-даражали ва совғани ота-онамга олиб бораман.

— Китоб мутолла қилишни яхши кўраман. Оромгоҳимиз кутубхонасида бир-биридан қизиқарли китоблар бор. Уларни кўпини ўқиб тугатдим. Шу боис бўлса керак, мен бугунги танловнинг “Ёш китобхон” йўналишида ғолибликни қўлга киритдим. Бу ҳаётимдаги илк катта муваффақиятим бўлди, — дейди Зебо Азизова.

Танловнинг қолган йўналишлари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган ғолибларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Касаба уюшма кубоги эса барча йўналишларда юқори натижаларни қўлга киритган “Қувасой” болалар оромгоҳи тарбияланувчиларига тантанали тарзда топширилди.

Шоҳсултон Тўхтаматов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.