Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“UzAvto Motors” акциядорлик жамиятида касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар хусусида очиқ мулоқот ўтказилди

18.01.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар ойда бир кун “Бошланғич ташкилотлар куни” деб белгиланган бўлиб, юқори касаба уюшмалари органлари масъул ходимларининг бошланғич ташкилотларга ташрифи аниқ жадваллар асосида амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 16-18 январь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари “UzAvto Motors” АЖга бўлиб, ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида берилиши, меҳнат муҳофазаси, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини ўргандилар. Шунингдек, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи билан ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, бошланғич касаба уюшма ташкилоти мажлислари, сайлаб қўйиладиган органлар йиғилишларининг белгиланган муддатларда ўтказилиши, иш режасининг сифати, жамоа шартномасини тузиш ва бажарилишини муҳокама қилиш тартибига риоя этилиши соҳасидаги фаолият таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этишда кўмаклашилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари корхона меҳнаткашлари билан бевосита цехларда мулоқот қилиб, уларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилоти етакчиси фаолияти, салоҳияти, обрў-эътибори борасидаги фикрлари билан танишдилар. Ўз навбатида иш берувчи билан учрашилиб, ҳамкорликдаги ишлар, жамоа шартномаси бандлари бажарилиши таҳлил қилинди.

“UzAvto Motors” АЖда очиқ мулоқот шаклида ўтказилган Давра суҳбатида жамият раҳбарияти ва мутасаддилари, корхонада меҳнат қилаётган иши-ходимлар, бошланғич ҳамда цех касаба уюшма қўмиталари раислари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев томонидан сўнгги 7 йил давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижасида катта ўзгариш ва салмоқли натижаларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Президентимиз раҳбарлигида халқни рози қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ҳаракатлар ва ташаббуслар мамлакатимиз довруғини Янги Ўзбекистон номи билан бутун дунёга таратмоқда. Ана шундай изчил ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Шунингдек, тадбирда Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ҳақулов меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тармоқ касаба уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Очиқ мулоқот давомида корхона ишчи-ходимларининг ижтимоий-ҳимоя тизими, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси, иш шароитларига тааллуқли фикр-мулоҳазалари, мурожаат ва таклифлари тингланиб, мутахассислар томонидан тегишли жавоблар ва тавсиялар берилди.

Таъкидлаш зарурки, жамият касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида имзоланган Жамоа шартномасига меҳнаткашларнинг турмуш даражасини ошириш, меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси, ёшлар ҳамда аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, имкониятларини кенгайтириш, амалдаги қонунларда улар учун белгиланган имтиёзлар берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ногиронлиги бўлган инсонлар учун иш берувчилар томонидан банд қилинган квота иш ўринларининг мақсадли тўлиқ банд қилинишига эришиш, вакант иш ўринларига ишга қабул қилиш масалалари киритилган. Шунингдек, имтиёз ва кафолатлар, иш ҳақининг энг кам миқдори, тариф ставкалари, устама ва қўшимча тўловлар, разрядлар, тариф коэффициентлари, турли рағбатлантириш тўловлари ҳамда уларнинг аниқ миқдорлари бевосита иш берувчилар билан музокаралар жараёнида шакллантирилиб, ҳар томонлама асосланган ҳолда жамоа шартномасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Натижада ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилган. Шунингдек, корхона томонидан ходимлар диспансеризация кўригидан ўтказилиб, тиббий хулосаларга кўра уларни соғломлаштириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Корхонада меҳнат қилаётган ходимлар иш берувчи ҳамда касаба уюшмаси томонидан санаторий-профилакторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланмоқда.

Тадбир якунида тармоқ касаба уюшмаси фаоллари ўз олдиларида турган ишлар салмоғининг ниҳоятда катта эканлиги, келгусида иш берувчилар билан музокараларни давом эттирган ҳолда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшма аъзолари сафини кенгайтириш, бу орқали соҳа меҳнаткашлари итимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ишларни изчиллик билан давом эттиришларини алоҳида қайд этдилар. Зеро касаба уюшмаларининг мақсади – Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан амалга татбиқ этилаётган “Инсон қадри учун” ғояси остида бирлашган ҳолда фидокорона меҳнат қилиб, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали таъминлашдир.

Ҳамидулло Матисаев

ЎзКУФ Андижон вилоят Кенгаши бўлим мудири