20.07.2016. 2016 йилнинг 20 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг навбатдаги III мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибига касаба уюшмалари фаолиятига оид 7 та масала киритилди ва уларнинг ҳар бири батафсил муҳокама этилди.
Мажлисда, аввало, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини компекс ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бунда, мазкур вилоятлар касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилий кўриб чиқилди.
Шунингдек, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ҳамда Энергетика корхоналарида жамоа шартномалари ва келишувлари шартларининг бажарилиши борасида иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ҳамкорликдаги ишлари масаласини ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама этилди.
Мажлисда, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, жорий йилги болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг бориши масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 105-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштироки натижалари бўйича Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаеванинг ахбороти тингланди ҳамда касаба уюшмаларининг вазифалари белгилаб олинди.
Мажлисда, болалар ўртасида «Истиқлол ғунчалари» кўрик-танловини ўтказиш бўйича Низом лойиҳаси, янги таҳрирдаги «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Низом»га киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳалари тасдиқланди.
Мажлис кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.