Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Халқаро меҳнат конференциясининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади

08.06.2021. 2021 йил 7 июнь куни 109-Халқаро меҳнат конференцияси ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

109-Халқаро меҳнат конференция­­си шу йилнинг 20 майида дастлабки йиғилиши билан бошланган бўлиб, коронавирус пандемияси сабабли онлайн тарзда ўтказилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 3 июндан бошлаб қўмиталар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, 109-Халқаро меҳнат конференция­­сининг биринчи йиғилишида Марокаш Қироллигининг БМТдаги ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Женевадаги ваколатхонаси элчиси ҳамда доимий вакили Омар Знибер Халқаро меҳнат конференцияси раиси этиб сайланган.

Онлайн тарзда ўтказилган 109-Халқаро меҳнат конференциясининг ялпи мажлисида дунёнинг турли давлатларидан 200 дан ортиқ вакиллар иштирок этди. Анжуман дастуридан меҳнат соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш масаласи, «Covid-19» пандемия­­си учун ишлаб чиқилган махсус якуний ҳужжат, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2022-2023 йилларга мўлжалланган дастури лойиҳаси ҳамда бюджети муҳокамаси ўрин олди.

109-Халқаро меҳнат конференциясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

– Ўзбекис­тон ҳам пандемия сабабли глобал инқироз ҳодисалари таъсирига дуч келди. Бу эса иқтисодий ўсишнинг пасайиши, тўлов балансининг номутаносиблиги ва иш билан бандликнинг қисқариши хавфини келтириб чиқарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Ҳукумат пандемияга қарши кураш бўйича ХМТнинг тўрт асосий тамойилига мос келадиган бир қатор профилактик чора-тадбирларни қабул қилди, – дея таъкидлади ўз нутқида Қ.Рафиков. – Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ижтимоий нафақалар ва озиқ-овқат пакетлари олувчилар доирасини кенгайтириш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, нархлар ошишини жиловлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ­ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 200 мингга яқин меҳнат муҳожирини юртга қайтариш ва мамлакат ичида ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Пандемия шароитида ­Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам турли соҳа ходимлари манфаатларини ҳимоялаш йўналишида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, ходимлар ҳуқуқларини таъминлаш, иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, санитария-гигиена меъёрлари ва қои­даларига риоя этилиши бўйича жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда аёлларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан кўрилган тизимли чоралар Ўзбекистонда «Covid-19» хасталигига чалиниш аҳолининг 0,3 фоизида, касалликка чалинганлар орасида ўлим ҳолатларини эса 0,7 фоизда сақлаб қолиш имконини кенгайтирди. Дунёдаги оз сонли мамлакатлар қаторида мамлакатимизда ҳам ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиб кетмади, аксинча, реал қийматда 1,6 фоизга ўсди.

БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан маъқулланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида халқаро кодекс» ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
Кодекс лойиҳасида касаба уюшмаларининг иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, аҳолининг иш билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кафолатлари ва барча мамлакатлар орасида вакцина ва дори-дармонларни адолатли тақсимлаш бўйича таклифлари инобатга олинди.

Ялпи мажлисдаги маърузасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов барча мамлакатлар касаба уюшмалари ва ишчиларини пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекснинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу билан бирга, Меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги декларация нормаларига хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар, 40 соатлик иш ҳафтаси, йиллик пуллик таътил, оналикни муҳофаза қилиш ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларни киритиб, уни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, 109-Халқаро меҳнат конференцияси мажлислари жорий йилнинг 19 июнига қадар давом этади.

Маълумот ўрнида:

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ҳар йили Халқаро меҳнат конференцияси чақирилади.

Халқаро меҳнат конференцияси – меҳнатга ва ижтимоий масалаларга доир умумий муаммолар ҳамда халқаро меҳнат меъёрлари муҳокама қилинадиган халқаро анжуман ҳисобланади. Ушбу анжуманда ташкилотнинг умумий сиёсати белгиланади.

Ҳар йили ўтказиб келинадиган ушбу конференция охирги марта 2019 йилда Женевада бўлиб ўтганди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллигига бағишланган мазкур 108-Халқаро меҳнат конференциясида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашган эди. Ўтган йили эса пандемия шароити сабабли конференция ташкил қилинмади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!