20.12.2016. 2016 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдан ташқари Мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аъзолари, Федерация аппаратининг масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Нарбаева олиб борди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида ташкилий масала кўрилди.
2010 йил 21 декабрдан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси лавозимида ишлаб келаётган Танзила Нарбаева 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тасдиқлангани муносабати билан “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ Бош директори лавозимида ишлаб келаётган Қудратилла Рафиков Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси этиб сайланди.
Қудратилла Рафиков меҳнат фаолияти давомида қатор давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
1993-1998 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари, 1998 йилдан 2003 йилгача Жиззах вилояти касаба уюшмалари Кенгаши раиси лавозимида фаолият кўрсатган.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармуҳаммедов иштирок этди.