Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилади

12.04.2018. 2018 йилнинг 12 апрел куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  жорий йилнинг 24-26 апрел кунлари Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказиладиган “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция олдидан Брифинг ташкил этилди.

Унда журналистларга халқаро анжумандан кўзланган мақсад ва унинг мазмун-моҳияти, конференция якуни бўйича қабул қилиниши кўзда тутилган тавсиялар тўғрисида таҳлилий ахборот ва маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, мазкур халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари юқори савияда бораётгани таъкидланди.

Брифингда мазкур нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ғояси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа ҳудудий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти томонидан тўла қўллаб-қувватлангани, конференция ишида мазкур нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дунё миқёсида обрў-эътиборга эга бўлган ҳорижий экспертлар ва олимлар иштирок этиши алоҳида қайд этилди. Сирасини айтганда конференцияда 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли ҳорижий экспертлар ва олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот агентликлари журналистлари иштирок этишлари маълум қилинди.

Халқаро конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосида мамлакатимизда охирги 1,5 йил давомида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижасини, мамлакатимизнинг янги иқтисодий ва сиёсий қиёфасини халқаро ҳамжамиятга намоён этиш, ҳорижий экспертларни бу борада амалга оширилаётган катта кўламдаги ижобий ишлар билан яқиндан таништириш ҳамда мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш соҳасида давлат органлари, Касаба уюшма ташкилотлари, Савдо саноат палатаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олишдир.

Тадбирда худди шу мақсадларда ялпи мажлисдан бир кун аввал барча ҳорижий иштирокчиларнинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига ташрифлари режалаштирилгани қайд этилди. Ҳорижий экспертлар мазкур ҳудудларга ташрифлари давомида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаётида ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўладилар. Хусусан, ҳорижий иштирокчилар кучли ижтимоий ҳимоя борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг самарали натижалари билан танишиш мақсадида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, ижтимоий инфратузилма объектлари, аҳолининг кам таъминланган тоифалари учун қурилаётган арзон уй-жой мажмуалари, меҳнат жамоалари ва аҳоли хонадонларида бўладилар. Ушбу ижтимоий объектларда улар фуқаролар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар, меҳнат жамоаларида ходимлар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар билан танишадилар. Шунингдек, тарихий обидаларга ташриф буюрадилар.

Брифингда кўзланган мақсадларга кўра мазкур халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш билан шуғулланувчи анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўташи алоҳида таъкидланди. Анжуманниг айнан шу форматда ўтиши сўзсиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда илғор халқаро ва ҳорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканлигини намоён этиши эътироф этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Халқаро анжуманнинг биринчи Ялпи мажлиси         25 апрел куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг «Амир Темур» конференц-залида ўз ишини бошлайди.

Ялпи мажлисдан сўнг иштирокчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда секциялар бўйича йиғилишларда иштирок этадилар. Секциялар бўйича йиғилишлар «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг “Амир Темур” ва “Самарқанд” залларида ҳамда «Xalqaro Hamkorlik Markazi» АК Халқаро бизнес марказининг “Навоий” ва “Тошкент” залларида бўлиб ўтади.

Секция йиғилишларида аҳолининг реал даромадлари ва бандлиги даражасини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқаролар ва улар саломатлигини ижтимоий ҳимоялаш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини амалга ошириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш истиқболлари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида фикр юритилади.

26 апрель куни ялпи мажлис ва секциялар бўйича йиғилишлар давом эттирилади. Якуний ялпи мажлисда секциялар модераторларининг тақдимотлари эшитилади ҳамда халқаро конференциянинг якуни бўйича Тавсиялар қабул қилинади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати