Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  “Бўстон” санаторийсида янги Даволаш бўлими барпо этилиб, фойдаланишга топширилди  

14.09.2021. Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, халқимизни соғломлаштириш йўналишида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида 24 та санаторий ва битта дам олиш уйи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, юртдошларимизга ҳамда ҳорижий давлатлар фуқароларига самарали хизмат кўрсатиб келмоқда. Мазкур йўналишлардаги ишлар сифатини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсида янги Даволаш бўлими қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг ҳудудларга ташрифлари чоғида илгари сурилган ташаббус ва тавсиялари ижросини таъминлаш мақсадида барпо этилган  мазкур Даволаш бўлимининг тантанали очилиш маросими 2021 йилнинг 14 сентябрь куни ўтказилди. 

Янги Даволаш бўлимининг тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, бугун юртимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар негизида инсон манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассамдир. Айниқса, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида халқимиз турмуш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, хусусан, аҳоли саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларда республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган,“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиорини ўзига дастуриламал қилиб олган касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли ишларни амалга оширмоқда. “Бўстон” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари фикримиз далилидир.

Ушбу гўзал ва замонавий санаторий 230 ўринга эга бўлиб, асосан юрак-қон томир, асаб, гинекологик, урологик ва таянч-ҳаракат тизими аъзолари касалликлари билан оғриган беморларни соғломлаштириш учун мўлжалланган замонавий даволаш-диагностика базасига эга. Санаторийнинг табиий даволаш омили асосан минерал сувли ванналар сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган – термаль, кам минераллашган, сульфат-кальций натрийли, кучсиз ишқорли маъданли сув ҳисобланади. Сиҳатгоҳда республикамиз ҳудудларидан ташриф буюрадиган юртдошларимизга юқори малакали санатор-курорт хизмати кўрсатилиши учун барча имкониятлар яратилган.

Маълумки, Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўътадил иқлими ҳамда ер тубидан қалқиб чиқаётган маъданли сувлари, улар таркибидаги органик минерал тузларнинг шифобахш таъсирига кўра турли касалликларни даволаш учун ихтисослашган бўлиб, ҳорижий давлатлардаги дунёга танилган сиҳатгохларнинг маъданли сувлари ва табиий омиллари билан бемалол рақобатлаша олади. “Бўстон” санаторийсида янги барпо этилган замонавий Даволаш бўлими барча зарур шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлиб, халқимизга кўрсатилаётган санатор-курорт хизмати сифатини оширишга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Таъкидлаб ўтиш зарурки, “Бўстон” санаторийсининг эски даволаш биноси 1928 йилда барпо этилган бўлиб, анча эскирган ҳолга келиб қолган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамиз Мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига муносиб совға сифатида санаторийда янги, барча қулайликларга эга замонавий, 3 қаватли “Даволаш бўлими”нинг қурилиш, ободонлаштириш ва муҳандислик иншоотлари учун жами 19 млрд. сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

“Бўстон” санаторийсининг жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган, янги 3 қаватли “Даволаш бўлими” энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар, тиббий, физиотерапевтик муолажалар учун мўлжалланган замонавий тиббий анжомлар, хусусан, ультратовуш текшируви, электрокардиография, электроэнцефалография, кольпоскопия, клиник ва биохимик лаборатор текширувлар ўтказиш учун мўлжалланган тиббий-диагностик анжомлар, шунингдек, юқори ва паст частотали элеткр токи билан даволаш, электроуйқу, лазер-магнит билан даволаш, зарб тўлкинли терапия, лимфопресс, гидроаэроионизация, ингаляция, озонотерапия, тузли ғор, ўт қопи ва ичакларни ювиш, умуртқа поғонасини компьютерли тортиш, шам-озокерит ва шифобахш балчиқ билан даволаш каби тиббий, физиотерапевтик муолажалар учун мўлжалланган замонавий тиббий анжомлар билан таъминланди.

Санаторий ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилиб, гулзорлар барпо этилди.

Бундан ташқари, даволаш бўлимида маъданли сув билан даволаш мажмуаси ташкил этилиб, ушбу мажмуада шифобахш “Кедр бочка”си, маъданли ва маржонли ванналар, сув ости массажи, гальваник ванналар, айланма, кўтарилувчи душлар ва “Шарко души” фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур мажмуада ташкил этилган фитобарда эса юрак, ошқозон-ичак, буйрак, жигар касалликларини табиий усуллар орқали даволашда қўлланиладиган ва куч-қувват бағишловчи мойчечак, зубтурум барги, далачой ўти, тоғ райҳони, кийик ўти, наъматак меваси каби ўсимликлардан шифобахш дамламалар, шунингдек, шифобахш шарбатлардан “Кислородли коктейл”лар тайёрланади.

Санаторийда ташкил этилган гимнастик девор, гантеллар, хар-хил турдаги тренажёрлар билан жиҳозланган жисмоний тарбия хонаси эрталабки бадантарбия ҳамда нафас гимнастикаси, “Нордик юриш”, “Миқдорли юриш” каби даволовчи жисмоний машқларни, шунингдек, жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий чўмилиш хавзаси сувда даволаш бадантарбияси – гидрокенезотерапия каби муолажаларни самарали ўтказилишини таъминламоқда. Дам олувчилар учун ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, таниқли кино ва театр актёрлари билан учрашувлар, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий обидаларга саёҳатлар дам олувчиларнинг янада мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун қулай имкониятлар яратмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишлар кўламини кенгайтириш, уларни сифатли соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси янги санаторийларни барпо этиш ва мавжуд сиҳатгоҳларнинг қабул қувватини ошириш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, шу билан бирга янги иш ўринларини ташкил этиш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда. Сирасини айтганда, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари сифати оширилиб, имкониятлар кенгайтирилмоқда. Хусусан, 2016-2020 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги санаторий, дам олиш уйлари, меҳмонхоналар, болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, уларни ва мавжудларини замонавий тиббий техника воситалари, мебель жихозлари билан таъминлаш, болалар ва ўсмирларни жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш учун спорт мактабларини очиш ишлари амалга оширилди. Ушбу мақсадларга жами 653 млрд. 579 млн. сўм маблағ сарфланди. Жумладан, Сирдарё вилоятида “Янгиер”, Тошкент вилоятида “Кўҳинур”, Сурхондарё вилоятида “Хўжаипок” санаторийлари, “Хўжаипок ота дам олиш маскани” барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. “Зомин” санаторийсида янги “Она ва бола бўлими”, “Оқтош” санаторийсида янги ётоқ ва ошхона биноси, “Оқ тош шаббода” санаторийсида янги ётоқ биноси, “Турон” ва “Умид гулшани” санаторийларида янги ошхона биноси барпо этилди. Бунинг натижасида қўшимча равишда жами 1227 та янги иш ўрни ва 2 286 нафар дам олувчи учун ётоқ ўринлари яратилиб, йилига қўшимча равишда 68 580 нафар фуқарони дам олдириш ва соғломлаштириш имконияти яратилди.

 

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

 

Click to listen highlighted text!