24.08.2024. Бугун Янги Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айланди. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббусларибилан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилган. Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Чунки, ушбу ўзгаришларнинг барчаси одамлар кўз ўнгида юз бериб, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.
Мазкур жараёнлардаги хайрли ва эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп миллионли аъзога эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга мамлакатимизда янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларнинг қабул қуввати ва хизматлар сифатини ошириш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари сифатини юксалтириш йўналишларида тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 30 дан ортиқ санаторий фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда ана шундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Яъни, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эзгу ташаббуслари билан Хоразм вилоятининг Хонқа туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жаҳон стандартлари талаблари даражасидаги замонавий “Хонқа” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Янги санаторийни барпо этиш ишларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Энг замонавий ва меъморий ечимлар асосида барпо этилган мазкур жаҳон андозалари талаблари даражасидаги соғломлаштириш маскани Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан халқимизга, хусусан, Оролбўйи минтақасида яшовчи юртдошларимизга муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Юртимизда энг улуғ, энг азиз айём шукуҳи кезиб юрган кунларда бўлиб ўтган янги сиҳатгоҳнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, халқимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият намоёндалари, таниқли спортчилар, касаба уюшма фаоллари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ташаббус ва лойиҳалар, тизимли ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижаларини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадри тобора юксалиб бораётгани, барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида оддий одамларнинг манфаатлари, фаровон яшаши, муносиб меҳнат қилиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, умрини кўп яхшиликлар билан зийнатлаши бош мақсад қилиб олинганини эътироф этди.
Тантанали тадбирда “Хонқа” санаторийси директорига янги сиҳатгоҳнинг рамзий калити, шунингдек, санаторий учун автомашина топширилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари янги замонавий “Хонқа” санаторийсида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Замонавий архитектура ютуқлари асосида барпо этилган ва бальнеологик курорт ҳисобланган мазкур “Хонқа” санаторийсида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ташриф буюрган даволанувчиларга барча зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Янги сиҳатгоҳ жойлашган ҳудуди, иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра асаб, юрак, қон-томир тизими, гинекологик, таянч-ҳаракат тизими касалликларини даволашга ихтисослаштирилган.
Умумий майдони қарийб 3 гектар бўлган санаторийга 5,7 километр олисдаги масофадан махсус қувурлар орқали табиий газ тармоғи, 5 километр масофадан заҳира электр тармоғи тортиб келинди. Шунингдек, оқава ва чиқинди сувларни тозаловчи иншоот қурилди. Қарийб 800 метр чуқурликдан шифобахш маъданли сув қазиб чиқарилди.
Янги қуриб битказилган 200 ўринли санаторий Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шунингдек, энг замонавий, юқори сифатли қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди. Дам олувчилар учун бу ерда физиотерапия ва сув билан даволаш бўлимлари, шифобахш туз ғори, лаборатория, жисмоний тарбия, балчиқ ва парафин билан даволаш, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва сауна, гадроаэроионизация, минерал сув билан даволаш ванналари, ичак, ўт қопи ва ошқозон ювиш хоналари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, замонавий холл, маданият саройи ва кутубхона, люкс ва стандарт ётоқхоналар, даволаш мажмуаси, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулайликларга эга хоналар, тантаналар зали, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланадиган 200 ўринли ошхона дам олувчиларга хизмат кўрсатади.
4 қаватли “Хонқа” санаторийсининг 1-қавати қабул ва бошқарув бўлими, шифокорлар қабул хоналари, УВЧ, ЭКГ, муолажа ва ётоқ хоналари, сув билан даволаш бўлими, ошхонани ўз ичига олган. 2- ва 3-қаватларда барча қулайликларга эга бўлган стандарт ва люкс ётоқхоналар, Физиотерапия бўлими жойлашган. Янги санаторий ҳудудида катта кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, боғ ва гулзорлар барпо этилди.
“Хонқа” санаторийси ҳудудидан қазиб чиқарилган 56 даражали, иссиқ термал, шифобахш йод-бромли, хлорид-натрийли, иссиқ азот ва енгил ишқорли туздан иборат маъданли сув таркиби жиҳатидан Грузиядаги “Лугела”, Украинадаги “Трускавец-Нафстуся” сувлари билан тенг шифобахш хусусиятларга эга эканлиги билан ажралиб туради. Санаторийнинг атрофидаги бебаҳо табиат неъматлари дам олувчиларга хуш кайфият бағишлаб, саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим табиий омил ҳисобланади.
200 ўринга мўлжалланган мазкур сиҳатгоҳда яратилган шарт-шароитлар ҳар йили 7000 нафарга яқин аҳоли саломатлигини тиклаш ва соғломлаштириш имконини беради. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида “Хонқа” санаторийсида даволанувчиларга 115 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатадилар. Яна бир муҳим жиҳат – санаторийда ишловчи тиббиёт ходимлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи санаторийларида амалиёт ўтаб, муҳим тажриба ва кўникмаларга эга бўлганликларидир.
Ушбу санаторийнинг ишга туширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиб, 50 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланди.
“Хонқа” санаторийсидаги ошхона ва даволаш хоналарининг майдонлари амалдаги СанПиН меъёр ва қоидаларига тўлиқ жавоб беради. Санаторийда дам олиб, даволанувчиларга парҳезли таомнома асосида дармондориларга бой таомлар тайёрлаб берилади.
Даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилади. Даволаш ишлари асосий тиббий даво омиллари бўлган артезиан ҳовузининг термал ҳамда хлорид-гидрокарбонатли натрийли маъданли сувлари билан олиб борилади. Бундан ташқари парафин-озокерит, юқори ва паст частотали токли физиотерапия муолажалари, зарб-тўлқинли терапия, умуртқани компютерли тортиш, гастрофиброскопия, колпоскопия аппаратлари ёрдамида даволаш муолажалари амалга оширилади.
Инсон қадри улуғланиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган, кексаю ёш эъзоз топаётган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ва савобли ишларга ҳамоҳанг равишда қад кўтарган “Хонқа” санаторийсининг илк дам олувчилари кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда Ватан, эл-юрт ва фарзанду набиралар ардоғида кексалик гаштини сураётган, ўз ўгитлари билан ёшларни Она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилаётган фахрийлар бўлдилар. Қорақалпоғистон ва Хоразмдан янги санаторийга ташриф буюрган 50 нафар оқсоқоллар, отахону онахонлар ўзларига кўрсатилаётган бу каби юксак эътибор ва эъзоз учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирар эканлар, бугунги доруломон кунлар учун шукроналар айтиб, дуога қўл очдилар.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида бугунги кунда тизимдаги санаторийлар ўз рейтинги, даволаш муолажа ва усулларининг хилма-хиллиги, мажмуавий қулайликларга эга эканлиги билан нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа ҳориж мамлакатларидаги санаторийлар билан бемалол рақобат қила олади. Шу боис ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга ҳордиқ чиқариб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун келаётган ҳорижликлар сони кескин кўпайди.
Замонавий ечимлар асосида барпо этилган “Хонқа” санаторийси мамлакатимиз меҳнаткашлари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга ички туризм ва тиббиёт туризмини ривожлантиришга, шунингдек, воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам салмоқли ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари