26.01.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида АҚШ Меҳнат вазирлиги Одам савдоси, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маргарет Юнгк бошчилигидаги делегация билан Федерация вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида делегация аъзоларига Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда уларнинг натижалари, мазкур жараёнларда мамлакат касаба уюшмаларининг иштироки тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси натижасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланиш ҳолатларига бутунлай барҳам берилгани, Ўзбекистоннинг ушбу ютуғи нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниб, эътироф этилгани қайд этилди.
Шунингдек, делегация вакиллари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам таништирилди. 2022 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вакилларини жалб қилган ҳолда теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан “Миллий мониторинг” ўтказилгани, Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан республиканинг туман ва шаҳарларига 398 маротаба ташрифлар амалга оширилиб, Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси асосида мониторинг олиб борилгани қайд этилди.
Мазкур ташрифлар давомида 789 та фермер хўжалиги, 3 та олий таълим муассасаси, 21 та профессионал таълим муассасаси, 298 та умумтаълим мактаби, 38 та мактабгача таълим ташкилоти, 103 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 та тадбиркорлик субъекти, 112 та ҳокимлик, 151 та маҳалла фуқаролар йиғини таҳлил қилинди. Таҳлил жараёнларида 51 минг 600 км йўл босилиб, жами бўлиб 2 минг 453 нафар респондентлардан савол-жавоблар тариқасида интервьюлар олинди. Ташриф буюрилган муассаса ва ташкилотларда ходимлар тўлиқ иш жойида эканлиги, пахта йиғим-теримига жалб этилмаганлиги аниқланди, таълим муассасаларида ўртача давомат 99,1 фоизни ташкил этди.
Муассасалар ва ташкилотларда амалга оширилган таҳлил жараёнларида раҳбар ва масъул ходимларга Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнат соҳасидаги қонунлари ҳамда ҳуқуқий-норматив ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, АҚШ Меҳнат вазирлиги делегацияси вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан муносиб меҳнат тамойилларини амалга татбиқ этиш, муносиб бандликни ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Мазкур йўналишлардаги ишлардан кенг жамоатчиликни ҳамда халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш мақсадида Федерациянинг www.kasaba.uz веб-Порталида “Касаба уюшмаси ёрдам берди” ва “Профсоюз помог” рукнлари ташкил этилиб, улар орқали қонуний ҳууқлари ҳимояланиб, ўз ишига тикланаётган, иш берувчидан етказилган зарар пуллари ундириб берилаётган ходимлар тўғрисида таҳлилий материаллар бериб борилаётгани қайд этилди.
Меҳмонлар шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан аҳолига ижтимоий-меҳнат соҳасида бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, халқаро меҳнат стандартлари, шу жумладан, ХМТ Конвенцияларини татбиқ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида ҳам таништирилди. Касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси қошида туну кун фаолият кўрсатаётган «Call center»ни ўз ичига олган аҳоли билан Қайта алоқа механизми тўғрисида алоҳида тўхталинди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган ишлар, шу мақсадда жамоа музокаралари ва жамоа-шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар қайд этилди.
Ўз навбатида АҚШ Меҳнат вазирлиги делегацияси вакиллари мавзуга оид батафсил маълумотлар учун Касаба уюшмалари Федерациясига миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган қатор саволларга тегишлича жавоб олганларини таъкидладилар.
– АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳар йили 131 та давлатдаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати даражасини аниқлаб, таҳлиллар асосида ҳисоботлар тайёрлайди, – деди жумладан АҚШ Меҳнат вазирлигининг Одам савдоси, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маргарет Юнгк. – Мазкур ҳисоботларимизда давлатларга рейтинглар берилади. Мамнуният билан айтишим мумкинки, охирги ҳисоботимизда Ўзбекистон юқори рейтингга эга бўлди ва 9 та юқори рейтингли давлат қаторига кирди. Ўзбекистоннинг бундай ижобий натижани қўлга киритишида албатта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам ҳиссаси бор.
Делегациямизнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифидан кўзланган мақсад ҳам таҳлиллар асосида навбатдаги ҳисоботни шакллантиришдир. Сиз бизга тақдим этган маълумотлардан кўринадики, Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.
– Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида мамлакат миқёсида олиб борилаётган ахборот кампанияси таҳсинга лойиқ, – деди АҚШ Меҳнат вазирлигининг халқаро бўлими мутахассиси Сара Соломон. – Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон қонунчилигида мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарликнинг белгиланганидир. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекторларининг мустақиллиги, ҳеч қандай чекловларсиз, олдиндан огоҳлантирмай туриб корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилиги ижроси бўйича жамоатчилик асосидаги ўрганишларни амалга ошира олишлари ҳам мамлакатда касаба уюшмаларининг дунё стандартларига мос ваколатларга эга эканлигини кўрсатиб турибди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари