[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.07.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 10- мажлиси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Ижроия қўмита мажлисида Федерация Назорат-тафтиш комиссияси раиси Баходир Умурзоқов, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари ва раис ўринбосарлари, Федерациянинг ҳудудий Кенгашлари раислари, Федерация тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг бўлим мудирлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этдилар.

Мажлис кун тартиби тасдиқлаб олингач Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришишига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида қўйилган вазифалар асосида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисидаги масала хусусида фикр юритилди.

– Мамлакатимиз хаётида ўта муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида амалдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевга сайловчиларнинг 87,05 фоизи овоз бериб, давлат раҳбари ташаббуслари билан охирги олти ярим йилда мамлакатда амалга оширилган улкан ислоҳотларнинг самараси халқимиз томонидан якдиллик билан эътироф этилаётганини амалда намоён этдилар, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Юртимизда қисқа муддат ичида барча соҳаларда юз берган тарихий ўзгаришлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани эришилган ютуқлар салмоғининг яққол далилидир.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришишига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида келгуси етти йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар белгилаб берилгани, Давлатимиз раҳбари нутқида қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшма ташкилотлари ҳам ўз фаолиятида манзилли ва муддатли чора-тадбирларни белгилаб олишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Кун тартибидаги иккинчи – “Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи қарорлари ҳамда 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисида”ги масала юзасидан Касаба уюшмалари Федерациясининг Ташкилий ишлар бўлими мудири Камолиддин Исроилов ахборот берди.

Таъкидланганидек, тармоқ касаба уюшмаси томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан касаба уюшмаларининг таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, унинг шакл ва услубларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чоралари кўрилган. 2022 йил  давомида Республика Кенгашига фуқаролардан келган 286 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 168 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган ҳамда ходимлар фойдасига 1 млрд. 341 млн. сўм маблағ ундирилишига эришилган.

Касаба уюшмалари органлари мавжуд бўлган барча бўғинларда ҳудудий-тармоқ келишувларини тузиш амалиётини тиклаш юзасидан VIII Қурултой қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида 2021-2022 йиллар давомида  Агросанаоат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг туман кенгашлари ва жойлардаги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги бўлинмалари ўртасида 407 та ҳудудий-тармоқ келишувлари тузилган. Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда тузилган жамоа шартномаларида ходимлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар кўламини ошириш чоралари кўрилиб, бугунги кунда 80 минг 721 та корхона ва ташкилотдаги жамоа шартномалари орқали 1 млн. 432 минг нафардан зиёд ходимга қонунчиликда белгиланганига нисбатан юқорироқ имтиёз ва кафолатлар татбиқ этиб келинмоқда.

2022 йил мобайнида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан иш берувчиларга, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциялари, прокуратура ва судларга тақдимнома ва мурожаатлар киритилиб, 15 млрд. 693 млн. сўм миқдоридаги иш хақидан муддати ўтган қарздорлик ундирилишига эришилган. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 6 минг 103 нафар фуқаро ва 578 та оилага 3 млрд. 861 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилган. Тармоқ касаба уюшмаси томонидан 690 та корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя этилиши ҳолатлари  ўрганилиб, аниқланган камчиликлар аксариятининг бартараф этилишига эришилган.

Шунингдек, 2022 йил давомида касаба уюшмаси тузилмаган 3 минг 707 та корхона ва ташкилотда касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириш натижасида 2 минг 583 та юридик шахсларда ишлаётган 46 минг нафардан ортиқ ходим аъзоликка қабул қилинган.

Шу билан бирга тармоқ тизимида эътибор кучайтирилиши лозим бўлган йўналишлар ҳам таҳлилий-танқидий муҳокама этилди. Хусусан, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда Меҳнат кодексига, меҳнат муҳофазасига оид қонунчиликка, қоида ва талабларга риоя этилиши устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган алоҳида комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш топшириғи берилди.

Шундан сўнг “Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама этилди. Мазкур масала юзасидан Касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Махмуджон Исаев ахборот берди. Таъкидланганидек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, унинг бўлинмалари ва масъул ташкилотчилари томонидан тизимидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодекси асосида Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан 2023-2025 йиллар учун тармоқ жамоа келишувлари тузилган. Республика кенгашининг иш режаларида иш ҳақи, жамоа шартномалари ва келишувларининг бажарилиши, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига доир бошқа масалалар ўз аксини топган ва режалаштирилган барча масалалар кўриб чиқилмоқда.

Республика кенгашининг маълумотларига кўра тармоқда мавжуд 18 034 та юридик шахс, шу жумладан, 212 та олий ва ўрта махсус таълим муассасасида жамоа шартномалари амал қилмоқда ва улар орқали жами 1  млн. 106 минг 310 нафар ходимлар қамраб олинган. 2022 йил якуни бўйича иш ҳақидан ташқари жамоа шартномалари орқали ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори 3  млн.  504 минг сўмни ташкил этган.

Тизимдаги ташкилот ва муассасаларда жорий йилнинг январь – апрель ойларида жамоа шартномаларининг бажарилиши бўйича йиғилишлар бўлиб ўтган. Тармоқ тизимидаги муассасаларда жамоа келишувлари ва шартномаларига ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид бандлар киритилган ва уларнинг бажарилиши назоратга олинган. Жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертиза қилиш мақсадида Республика кенгаши қошида эксперт комиссияси тузилган, шунингдек, жамоа шартномаларини рўйхатдан ўтказиш электрон тарзда юритилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 263-сонли Қарори қабул қилинишига эришилган.

Шу билан бирга Республика кенгаши томонидан бошланғич ташкилотларга меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишларни янада кучайтириш мақсадида амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарурлиги уқтириб ўтилди. Шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш бўйича аниқ ва манзилли чорв-тадбирларни ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Андижон вилоятидаги ташкилотларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши бўйича ўрганишлар натижалари тўғрисида” Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев ахборот берди.

Ушбу масала муҳокамаси доирасида Федерациянинг Андижон вилоят Кенгашига корхона ва ташкилотларда ходимларга қонунга мувофиқ берилиши керак бўлган меҳнат таътилини тўғри ҳисоблаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш борасида корхона, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кадрлар билан ишловчи мутахассислар ўртасида ҳам меҳнат қонунчилиги бўйича ўқувларни ташкил этиш ишларига эътиборни кучайтириш бўйича аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 10-мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи қарорларининг бажарилиши, Ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция ишларининг ҳолати, 2023 йилнинг 1-ярмида касаба уюшмалари аъзолигига жалб қилиш борасида амалга оширилган ишлар, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 4-босқичи доирасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Бугунги кунда мамлакат миқёсида 1 минг 118 та, шу жумладан 196 та стационар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, 922 та соғломлаштириш майдончалари фаолият кўрсатаётгани, уларда жами қарийб 255,5 минг нафар ўғил-қиз соғломлаштирилаётгани қайд этилди. Шу жумладан, стационар турдаги оромгоҳларда 116 минг нафардан зиёд болалар мириқиб ҳордиқ чиқараётгани, соғломлаштириш майдончаларига эса қарийб 139,5 минг нафар ўғил-қиз жалб этилгани таъкиланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, меҳнаткашларни дам олдириш ва соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги санаторийлар ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларини барпо этиш, мавжудларининг қабул қувватини ошириш, моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, сиҳатгоҳларни жаҳон андозалари талаблари даражасидаги сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда “Манзилли дастур”га мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 200 ўринли янги “Сангардак” санаторийси, Хоразм вилоятида 200 ўринли янги “Хонқа” санаторийси, Наманган вилоятида 7 қаватли янги санаторий комплексини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида 200 ўринга мўлжалланган “Бўзатов” санаторийсини қуриш, Жиззах вилоятидаги “Ҳавотоғ гулшани” санаторийсини реконструкция қилиш ва 30 ўринли янги ётоқ биносини қуриш, Сирдарё вилоятидаги “Янгиер” санаторийсида сузиш ҳавзасини барпо этиш, Тошкент вилоятидаги “Кўҳинур” санаторийсида замонавий сузиш ҳавзаси, маданият саройи қурилиши, ичимлик суви ва маъданли сув қудуқларини қазиш ишлари қизғин бормоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” спорт-соғломлаштириш мажмуида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи сузиш ҳавзаси қурилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясининг 5 қаватли ётоқ биносини барпо этиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматнинг тегишли қарор ва ҳужжатлари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимига ўтказилган оромгоҳларнинг 75 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди ҳамда моддий-техник негизи мустаҳкамланиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Республикамиз ҳудудларида жами 15 та янги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Йиғилишда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 4-босқичи доирасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, 6 та тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган жами 1 млн. 775 нафар хотин-қиздан 801 минг 88 нафари, яъни 80% фоизининг муаммолари ҳал этилгани қайд этилди.

Жумладан, 1-тоифа бўйича 376 514 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 2-тоифа бўйича 38 226 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кредитлар ажратилди. 3-тоифага киритилган боқувчисини йўқотган 160 461 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизга моддий ёрдамлар кўрсатилди. 4-тоифа бўйича 145 032 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдамлар ажратилди. 5-тоифа бўйича уй-жойга муҳтож бўлган 6 818 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Уларнинг 6 159 нафарига турар-жой ижара тўлови учун компенсациялар тўлаб берилди ва 659 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди. 6-тоифага киритилган қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 74 037 нафар хотин-қизга моддий ёрдамлар ажратилди, уларнинг 3 895 нафарига томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди. Уй-жойи таъмирга муҳтож 3 679 нафар хотин-қизнинг хонадонлари таъмирланди.

Шу билан бирга, Республика комиссияси томонидан аниқланган жарроҳлик амалиётига муҳтож 1 222 нафар хотин-қиз ва уларнинг фарзандлари учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 20 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Ижроия қўмита мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Комплекс интеграллашган ахборот тизими (KasabaKIAT)ни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди. Жумладан, KasabaKIAT ахборот тизимининг лойиҳа-техник ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, улар асосида КасабаКИАТнинг янги талқини ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.

Йиғилиш сўнгида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари