Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021 йилдаги фаолияти якунлари тўғрисида

21.01.2022. Жорий йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг 2-мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда арказий студиядан Федерация раҳбарияти, Бош кенгашга Тошкент шаҳридаги ташкилотлардан сайланган аъзолар, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг бўлим мудирлари
ва масъул ходимлари, ҳудудий студиялардан эса тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Бош кенгашга тармоқлар ва худудлардан сайланган аъзолар иштирок этдилар.

Бош кенгаш мажлисининг кун тартиби ва иш тартиби бир овоздан тасдиқлаб олингач Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021 йилдаги фаолияти якунлари ва 2022 йилдаги вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

– Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида инсон омили давлат сиёсатининг бош меъзони даражасига кўтарилди. Шу боис ҳам ўтган 2021 йил мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеаларга бой бўлди, бир сўз билан айтганда, юртимиз тарихида ўчмас из қолдирадиган йил бўлди десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ортда қолган йил Ватанимизнинг чин маънода Янги Ўзбекистон сифатида ном қозонишида муҳим босқич бўлди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – 2021 йил касаба уюшмалари учун ҳам ниҳоятда самарали бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, ўтган йил давомида 11 минг 945 та янги корхона касаба уюшмаларига жалб этилиб, 185 мингдан ортиқ ходим касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 115 йиллик тарихида биринчи маротаба  “Касаба уюшмалари куни” байрами катта тантана билан кенг нишонланди. Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига йўллаган табриги ҳар биримизда ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2021 йил давомида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мутаҳкамлаш йили” Давлат дастури асосида 7 та устувор йўналишда тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, норма ижодкорлиги ишларида иштирок этиш, меҳнаткашларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йил давомида Федерация томонидан жами 38 та қонун ва бошқа норматив-хуқуқий хужжатлар бўйича таклифлар берилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Уй хизматчилари учун муносиб меҳнат тўғрисида”ги 189-сонли Конвенциясига Ўзбекистон Республикасини қўшилишини мақсадга мувофиқлиги ўрганиб чиқилиб, тегишли таклифлар киритилди. Шунингдек, “2021-2025 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури” лойиҳаси бўйича таклифлар берилди. Бундан ташқари Ўзбекистон касаба уюшмалари “2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг миллий стратегияси”ни ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

Касаба уюшмалари инспекциялари томонидан ўтган ҳисобот йили давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Жумладан, инспекторлар томонидан иш берувчиларга 17 та кўрсатма киритилиб, 13 минг 238 нафар ходимга 20 млрд. сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақидан ўтган қарздорлик ундириб берилди. Бундан ташқари, 166 та ташкилот ўрганилиб, аниқланган 336 та қонунбузилиш ҳолатларинининг барчаси  бартараф этилди.

2021 йилда Касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 4 296 та, шундан 2 714 та ёзма, 277 та оғзаки ва 911 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлар, “Ишонч телефонлари” орқали 454 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 945 таси қаноатлантирилди, 1 739 таси бўйича муаллифларга тушунтириш берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 2 726 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 1,7 млрд. сўмга яқин зарар ундириб берилди. Касаба уюшмалари томонидан ходиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб судларга киритилган даъво аризалари натижасида 97 нафар ходимнинг поймол этилган ҳуқуқлари тикланди ҳамда улар фойдасига 385 млн. сўм ундириб берилди.

Меҳнат муҳофазаси йўналишида 2021 йил давомида касаба уюшмалари томонидан ўрганилган корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва талабларига риоя этиш соҳасида 4 минг 186 та камчилик аниқланди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш тўғрисида иш берувчиларга 1645 та тақдимнома киритилиб, кўрсатилган камчиликлар касаба уюшмаларининг аралашуви билан бартараф этилди. Шунингдек, меҳнат шароити ноқулай ишларда ишлаётган аёллар фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан иш берувчиларга 334 та тақдимнома киритилди.

Ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини ташкил этиш йўналишларида ҳам тизили ишлар олиб борилди. Рақамларга мурожаат этсак, бугунги кунда республика миқёсида 14 та ҳудудий (шу жумладан, 7 та минтақавий) ва 105 та тармоқ (шу жумладан, 21 та тариф) келишувлари амал қилоқда. Шунингдек, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашлари томонидан
142 та, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашлари томонидан 198 та ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳудудий кенгашлари томонидан 14 та ҳудудий-тармоқ келишувлари тузилди.

Камбағалликни камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, аёллар ва ёшлар билан ишлашда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳар бир тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Федерациясининг ҳудудий кенгашлари томонидан 30 тадан иш ўринлари яратиш ташаббуси илгари сурилиб, 847 та янги иш ўрни яратилди ва уларга кам таъминланган ишсиз фуқаролар ишга қабул қилинди.

Жамоа шартномалари орқали кам таъминланган оилалар вакилларига, пенсия ёшига етган ходимларга, ногиронларга, ишлаётган аёллар ва ёшларга ижтимоий кўмаклар берилиши устидан мунтазам мониторинг олиб борилди. Хусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дастури доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 224 минг дан ортиқ фуқаро ва 69 мингга яқин оилаларга 158 млрд. 306 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 октябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Баёнининг 7-бандига асосан касаба уюшмалари тавсияси асосида 574 нафар кам таъминланган фуқароларнинг эркин иқтисодий зоналардаги корхона ва ташкилотларда бандлиги таъминланди.

Касаба уюшмалари фаолиятини ташкилий жиҳатдан мустаҳқамлаш йўналишларида тизили ишлар олиб борилди.

2021 йилда қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилди. Хусусан, ўтган йил давомида манзилли дастурга киритилган йирик лойихалар – Тошкент шаҳрида “Чинобод Плаза” санаторийси, Самарканд вилоятида Абу Али Ибн Сино  плаза номли санаторий, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида 50 ўринли дам олиш уйи, Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсининг янги даволаш биноси, Касаба уюшмалари Федерацияси музейи, Касаба уюшмалари Федерацияси Даволаш профилактика марказининг 50 ўринли 5 қаватдан иборат ётоқ биноси, даволаш бўлими ва 150 ўринга мўлжалланган ошхона биноси қурилиб,  фойдаланишга топширилди.

Касаба уюшмалари Академияси учун ажратилган бинода реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Янгидан қурилган объектларни ишга туширилиши натижасида қўшимча равишда 170 та янги иш ўрни яратилди.

Маънавиятни юксалтириш, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлди. Худди шу мақсадларда Федерация томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасида ўтказилган кўрик-танловларнинг 7 нафар ғолибига 30 млн. сўмдан,  6 нафар 2- ўрин соҳибларига 20 млн. сўмдан,  6 нафар 3 ўрин соҳибларига 10 млн. сўмдан пул мукофоти берилди. Бундан ташқари, тадбир доирасида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлашда намуна кўрсатган масъулларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Касаба уюшмалари лауреати” танловлари ғолиблари мукофотланди. Хусусан, ҳар бир танлов ғолибига Президент совғаси сифатида 14 автомобиль берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Менинг Президентим” номли ижодий ишлар танловида республикамиз  мактабларидаги 600 минг нафарга яқин ўқувчи қатнашиб, улардан энг билимдон 45 нафари республика босқичида иштирок этди.

Шунингдек, касаба уюшмалари Федерацияси ва тизимидаги ташкилотлар республикада ўтказилган ватанпарварлик ойлигида фаол иштирок этдилар. Федерация томонидан ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш, хизмат даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди.

Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларидан 86 нафари Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. Касаба уюшмалари томонидан 75 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, 8 нафар меҳнат фронти фахрийси, 246 нафар хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари оилаларига ташриф буюрилиб, уларга 229 миллион сўмликдан зиёд мақсадли моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. 1 710 нафар кекса авлод вакилларининг ҳамда ишлаётган пенсионерларнинг маҳаллий зиёратгоҳларга ҳамда республиканинг тарихий шаҳарларига ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлари ташкил этилди.

Бундан ташқари касаба уюшмаси аъзоларининг 8 минг 612 нафар  фарзандлари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги бунёдкорлик иншоотларига, музейларга, маданият ва истироҳат боғларига саёҳатлар ташкил этилди. 1 минг 90 нафар болажонларга 54,8 млн. сўмлик совғалар берилди.

2021 йил давомида 218 минг 432 нафар меҳнаткаш ва улар оила аъзоларининг мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги тарихий қадамжоларга, диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди. Ушбу мақсадлар учун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 46 млрд. 363 млн. Сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Ўтган ҳисобот йилида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 24 та санаторий ва 1 та дам олиш уйида жами 137 500 нафардан ортиқ фуқаро соғломлаштирилди. Улардан 59 728 нафари касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ажратилган имтиёзли, шундан 8 461 нафари бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди. Ушбу имтиёзли йўлланмалар учун касаба уюшмаларидан 142 млрд. 721 млн. сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, 5 892 нафар туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва методистлари, умумтаълим мактаблар директорлари ва ўқитувчилари касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан, тизимдаги санаторийларда бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди. Ташкилотларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналарига 7 мингта имтиёзли ва ишлайдиган кексаларга 300 та бепул йўлланмалар ажратилди. 337 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди. Юртимиз фаровонлиги ҳамда аҳолимиз тинчлик осойишталигини сақлаш мақсадида туну-кун ўз хизмат бурчларини адо этаёган Ички ишлар вазирлиги профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам касаба уюшмалари томонидан 200 та бепул йўлланма ажратилди.

Мамлакатимиз ривожига ўзининг ҳиссасини қўшаётганлиги учун тақдирланганлар, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда иштирок этганлар, Афғон уруши қатнашчилари, ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган кўп болали оиланинг ишловчи оила аъзолари ҳам соғломлаштирилиб, ушбу тоифадаги ходимларга берилган бепул йўлланмалар сони 955 тани ташкил этди. Шунингдек, маданият ва санъат ривожига ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати билан ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакилларидан 50 нафар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан 50 нафарига ҳам тизимдаги санаторийларга бепул йўлланмалар ажратилди.

“3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни” муносабати билан Республикадаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан жами 12 минг 502 нафар ногиронлиги бўлган шахсга 1 млрд. 555 млн. 863 минг сўмлик турли кўринишда моддий ёрдам кўрсатилди. 2 минг 141 нафар имконияти чекланган болалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандларига 156 млн. 718 минг сўмлик совғалар, ўқув қуроллари берилди. 28 та Ногиронлар бирлашмаларига ҳамда  марказларига жами 77 млн. 242 минг сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 16 нафар ногиронлиги бўлган шахсга тизимдаги санаторийларга бепул йўлланма берилди.

Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ёзги мавсумида, ҳудудий махсус комиссиялар рухсати билан, 1 минг 634 та оромгоҳ фаолият кўрсатди ва уларда 278 минг 275 нафар бола соғломлаштирилди.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини оширишга кўмаклашиш, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021-2025 йиллар учун “Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури”ни ишлаб чиқишда фаол иштирок этилди.

Ўзбекистонни меҳнаткашлар ҳуқуқларига риоя этиш бўйича Глобал индексга киритиш юзасидан Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси билан ҳамкорликдаги қатор ишлар олиб борилди. Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроунинг таклифига биноан, 2021 йилнинг 26 сентябрь – 3 октябрь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг делегацияси Бельгиянинг Брюссель хамда Швейцариянинг Женева шаҳарларига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг делегацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу, Бош директори ўринбосарлари билан учрашувлар ўтказиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олинди.

Мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳамда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилаётган ютуқларни халқаро даражада намоён этиш мақсадида, 2021 йил 2 апрел куни  “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари: болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ишларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тажрибаси” мавзусида халқаро видеоконференция ўтказилди.

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 115 йиллик  тарихида биринчи марта, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан  Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсис этилди.

Шундан сўнг муҳокама этилган мавзу юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Эркин Нуралиев,  Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Ергали Сейтназаров,  Самарқанд шаҳар 12-ўрта мактаб ўқитувчиси Шохида Шодмонова, Олмалиқ кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси кенгаши раиси Абдурашид Хайдаров,  “Uzbekistan GTL” корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Бекжон Сидиқов, Касаба уюшмалари Федерациясининг Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи  Хайдар Фозилов,  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиев, “Ишонч” ва “Доверие” газетаси бош муҳаррири Хусан Эрматов сўзга чиқдилар.

Мажлисда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2022 йилдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди. Ушбу устувор йўналишлар “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га ҳамоҳанг бўлган вазифаларни ўз ичига олганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Бош кенгаш мажлисида ташкилий масала ҳам кўрилди. Ҳожибоев Абдуҳаким Мўминович Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари этиб сайланди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!