Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

24.12.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хорижий давлатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий, гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Республикада энг оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари билан алоқаларни ривожлантириш соҳасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2017-2018 йилларда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва меморандумлар имзоланиб, амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳар томонлама манфаатли халқаро алоқаларни  ривожлантириш соҳасида касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда касаба уюшмалари Умумконфедерациясига Россия, Белорусь, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг касаба уюшмалари марказлари, шунингдек, 26 та халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари аъзо ҳисобланади.

Маълумот ўрнида: Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида давлатлараро миқёсда  кенг тан олинган халқаро ташкилот ҳисобланади, МДҲ қатнашчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга,  МДҲнинг Иқтисодий кенгаши, шунингдек, бошқа давлатлараро органлари ишида фаол қатнашиб келади. Шу билан бирга БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, унга Европа бўйича минтақавий маслаҳатчи, БМТ жамоат билан алоқалар Департаментининг нодавлат ташкилотлари Қўмитаси, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашида маслаҳатчи мақомига эга.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши МДҲ, шунингдек халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотларида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишда мазкур ташкилот, шунингдек, унга аъзо бўлган халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари томонидан қўллаб- қувватланиш имкониятини яратади. Шу боис ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан мазкур халқаро касаба уюшмалари бирлашмасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини аъзоликка қабул қилиш юзасидан музокаралар олиб борилиб, ушбу масалани  касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида кўриб чиқиш, йиғилишни эса Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳақида келишувга эришилган эди.

Жорий йилнинг 24 декабрь куни пойтахтимизда Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг нуфузли делегацияси вакиллари – Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва аъзолари, хусусан, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Президенти Михаил Шмаков, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вице-президенти, МДҲ ўрмон хўжалиги тармоқлари Халқаро касаба уюшмалари Федерацияси раиси Виктор Карнюшин, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Щербаков, тармоқ касаба уюшмалари Халқаро бирлашмалари мутасаддилари, Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон каби ҳорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бугунги кунда Ўзбекистонда инсон манфаатларини таъминлаш йўналишида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусан, Охирги 2 йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан турли соҳаларда, айниқса ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги эътироф этилди. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келиши таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишлар эътироф этилди. Хусусан, фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун Ўзбекистонда барча шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, айниқса, касаба уюшмаларининг муҳим ўринга эга эканлиги қайд этилди.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг асосий йўналишлари билан батафсил таништирилдилар. Хусусан,  Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларининг ижтимоий таркиби кучайтириб борилаётгани қайд этилди. Натижада, бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат бўлган Жамоа шартномалари турли соҳа ходимлари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда даромадларини ошириш манбаига айланиб бораётганига эътибор қаратилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур жараёнда Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  Маҳкамаси,  Касаба  уюшмалари  Федерацияси, Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистонда умумреспублика миқёсида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланган мазкур Бош келишув асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 100 га яқин тармоқ келишуви, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 170 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Энг муҳими бугун давр талабидан келиб чиққан ҳолда Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки бугунги кунда Жамоа шартномасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида белгиланган тадбирларни бажариш учун республика бўйича бир нафар ходимга сарфланган маблағ миқдори ўртача 2,9 млн. сўмни ташкил этмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига алоқадор бўлган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ходимлар меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, улар меҳнати ва саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлмоқда. Шунингдек, кўп йилдан бери меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар, пенсия ёшидаги ходимлар ва меҳнат фахрийлари ҳам жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинмоқда.

Ўз навбатида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсат, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар томонидан эътироф этилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, бугун нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилганини эътироф этиб ўтдилар. Бугун мамлакат Президенти ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси жиҳатидан бетакрорлиги билан аҳамиятли эканлигини, мазкур ислоҳотлар ҳар бир инсонга йўналтирилганлиги, энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бераётгани боис дунё ҳамжамияти эътиборини тортаётгани ва эътирофига сазовор бўлаётганини таъкидладилар.

Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) делегацияси вакиллари Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот ҳамда унинг ижобий натижаларини, шунингдек, мамлакатимизда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳоладилар. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолияти диққатга сазовор эканлиги таъкидланди. Мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи касаба уюшма ҳаракатлари билан халқаро ҳаморлиги ривожланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, бунда ижтимоий шериклик имкониятларидан смарали фойдаланилаётгани меҳмонлар томонидан ижобий баҳоланди.

Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг Тошкентда бўлиб ўтган сайёр йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг “Касаба уюшма ҳаракати олдидаги хизматлари учун” Фахрий олтин нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклиф киритилди.

Ўзбекистон Республикаси меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, умуммиллий миқёсда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари нуфузини ошириш борасидаги улкан  ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг “Касаба уюшма ҳаракати олдидаги хизматлари учун” Фахрий олтин нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклиф бир овоздан қўллаб қувватланиб, қабул қилинди.

Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масала бир овоздан қўллаб-қувватланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!