Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносиб нишонланди
11.11.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги “Ammofos-Maxam” АЖ корхонасида 11 ноябрь-Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Байрам тадбирида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Алимджанова Нигора Адхамовна, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова, “Ammofos-Maxam” АЖ корхонаси раҳбарияти вакиллари, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Қудратжон Рахимов, касаба уюшмаси фаоллари ва корхона ходимлари иштирок этди.
Байрамни очилиш маросимида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Алимджанова Нигора Адхамовна барчани 11 ноябрь –Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами билан табриклади ва касаба уюшмалари ташкилоти ходимларни ва уларни оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни бундан кейин ҳам жадал олиб борилишини таъкидлади.
Бугунги кунда “Ammofos-Maxam” корхонасида тузилган жамоа шартномаси асосида ходимларга имтиёз ва кафолатлар бериб келиномоқда. Жамоа шартномаси ижросини бажаришда корхонанинг жами 28 нафар цех касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва касаба уюшмаси қўмитасининг доимий комиссиялари фаол ишлаб келмоқдалар. Корхона касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ходимларни, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни кенг жалб этган ҳолда байрамлар, маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, ходимлар ўртасида турли мусобақалар ва кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.
-Юртимизда кечаётган ислоҳотларда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаол ҳисса қўшмоқда, касаба уюшмаларининг эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. “Аммоfos-Маxам” АЖда 2023-2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси орқали корхона ходимлари ижтимоий- иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояланган. Биз юксак мақсадларни кўзлаганмиз. Бу мақсадларга эришиш биздан фидоийлик, она юртга садоқат, ҳамжиҳатликни талаб қилади. Олдимизда ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз, режаларимиз кўп. Юртбошимизнинг касаба уюшмаларига қаратаётган эътиборидан беҳад мамнунмиз, бу эса келгусидаги фаолиятимизга янги куч, янги руҳ бермоқда,-дейди корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Қудратжон Рахимов.
Байрам дастури аввалида корхонада фаолият юритаётган хотин-қизлар томонидан безатилган дастурхонлар кўргазмаси ташкил этилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида бўлиб ходимларни иш жойида табриклашди.
-Корхонада ходимларга, айниқса, аёллар ва ёшларга эътибор қаратилган. Цехимиз зарарли ишлаб чиқариш цехи бўлгани учун ходимлар ўз вақтида махсус кийим, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя воситалари, сут ва шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари билан таъминланмоқда,-дейди корхонанинг таъмирлаш қурилиш-монтаж цехи табельчиси Феруза Холматова
Тадбир давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида меҳмонлар ва корхона ходимлари иштирокида “Ammofos-Maxam” АЖ ҳудудида жойлашган “Касаба уюшмаси қўмитаси боғи”га манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Шундан сўнг корхонанинг фаоллар залида ходимлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова сўзга чиқиб, Ўзбекистонда Юртбошимиз томонларидан мамлакат ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар барчамизни Она ватан учун фидоийлик билан хизмат қилишга ундашини ва бу йўлда касаба уюшмалари ҳам ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида янги поғонага кўтарилганлигини, “Инсон қадри, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя йўлида меҳнат қилишимиз биз учун дастурил амал бўлиши лозим,-дея таъкидлади.
Тадбир якунида фаол ходимларга ва касаба уюшмаси фаолларига Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам муносабати билан корхонада байрам оши дамланиб ходимларга улашилди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиғу рақслар барчага кўтаринки байрам кайфиятини улашди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси